Хорижий давлатларда ўзбек мактабларини очиш таклиф этилмоқда
Чет элда яшаётган ўзбек болаларининг ўзбекча таълим олиши учун хорижий мамлакатларда ҳам ўзбек мактабларини очиш таклифи берилди.
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, молия-энергетика органлари вакиллари ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида иштирок этган фуқаро Муҳайё Муталова ҳорижда яшаётган ўзбек болалари таълим олиши учун чет элда ўзбек мактабларини ташкил этиш таклифини билдирди.
Унинг таъкидлашича, чет элда бошқа давлатларнинг мактаблари бўлгани ҳолда, ўзбек мактабларининг йўқлиги ҳорижда ишлаётган ватандошларимизга ноқулайлик туғдирмоқда.
«Таржимон бўлиб ишлайман. Ишлаш учун хорижга кетишим керак. Аммо фарзандимни кимга ташлаб кетишни билмаяпман. Хорижда ўзбек мактаблари йўқ», — дейди Муҳайё.
Унинг айтишича, бу муаммо кўпчиликни қийнаб келмоқда. Хорижга отланган ота-оналар фарзандларини қариндошларига ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда.
«Хорижий давлатда мактаб очиш давлат учун ҳам фойдали бўлади. Чунки ота-оналар мактаб ёшидаги фарзандларини қариндошларига ташлаб кетгандан кўра, пул эвазига бўлса ҳам хориждаги ўзбек мактабларида ўқитишни афзал кўришади. Мактаб қуриш учун инвесторлар ҳам тайёр», — дейди Муталова Муҳайё.
Бу масала юзасидан Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Джумагалдиев Мухамет Рузимович фикр билдириб, уни ижобий томонга ҳал қилишга ҳаракат қилишини айтди.
Маълумот учун, бугунги кунда Америка Қўшма Штатларининг Чикаго шаҳрида хусусий ўзбек мактаби фаолият юритиб келмоқда.