Қабул жараёнини ўрганиш мақсадида Самарқанд давлат университетида бўлганимизда тахминан тўрт юзга яқин (!) абитуриентларнинг ҳужжат топшириш учун навбатда турганига гувоҳ бўлдик. Бу Самарқанддаги барча олий ўқув юртлари ичида энг катта навбат эди.


Навбат катта ва тартибсиз, шу сабабдан бўлса керак ҳатто ёрдамга келган ички ишлар ходимлари ҳам баъзан тартибни сақлашда қийналиб қолишмоқда. Университет маъмуриятининг билдиришича, ҳатто миллий гвардияни ёрдамга чақиришга ҳам мажбур бўлишган.
Хўш, нима сабабдан бу қадар узун навбатлар пайдо бўлмоқда?
Университет қабул комиссияси масъул котиби бир қатор омилларни санаб ўтди. Улардан энг асосийси, Давлат тест маркази сайтидаги махсус дастур яхши ишламаётгани, сайт қотиб қолаётгани билан боғлиқ экан.
СамДУ қабул комиссияси масъул котиби Раҳматулла Мирзаев навбатлар сабабига тўхталди.
«Самарқанд давлат университети қабул комиссиясида қирқта компьютерда мутахассислар ўтирибди. Ҳар бир абитуриентга 5 дақиқа ажратилганда ҳам икки соат ичида минг кишининг ҳужжатларини қабул қилиш мумкин. Афсуски, куни билан компьютер базаси беш-олти марталаб, бир қотганда 40 дақиқагача қотиб ишлаяпти. Оқибатда узундан-узун навбатлар пайдо бўлмоқда. Яна қатор омиллар бор. Президентимизнинг тегишли қарори билан бешта олий ўқув юртида ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш давлат хизматлари марказига тушган.
Булар Тошкент давлат юридик университети, Қорақалпоғистон Давлат университети, Гулистон давлат университети, Фарғона давлат университети ва Самарқанд давлат университети. Давлат хизматлари маркази ишни қандай ташкил этган, буни биз билмаймиз.
Аслида, бешта олий ўқув юртида ҳужжат рўйхатдан ўтмаслик керак. Масалан, Тошкент давлат университетига борсангиз, бирорта ҳужжат қабул қилинмаяпти. Биздаги 50та йўналишдан 9тасида ижодий имтиҳонлар бўлгани учун уларнинг ҳужжатини қабул қилишимиз лозим. Бундан ташқари, ногиронлар, имтиёзлилар, хориж фуқаролари ҳамда ўзга тилли гуруҳлар. Аммо амалда барча абитуриентларни қабул қилишимизга тўғри келяпти. Қолаверса, эндиликда бир олийгоҳ орқали бошқа олийгоҳга ҳам ҳужжат топшириш мумкин. Шунинг ҳисобига ҳам ҳозир жуда катта навбат юзага келган. Биз Давлат тест маркази махсус дастури орқали ишлаймиз. Бир вақтнинг ўзида республикамиз бўйича 6 мингга яқин оператор ишлаяпти. Дастур қотиб қоляпти, баъзи пайтда умуман ишламаяпти. Яна бир томони, эндиликда айтайлик, битта бизнинг олийгоҳ орқали истаган олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш мумкин», — дейди Р.Мирзаев.


















