Ўзбекистон | 14:10 / 23.07.2019
60772
4 дақиқада ўқилади

Ҳаж учун харажатлар миқдори 5 млн сўмга арзонлаштирилди

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуаси мажлислар залида “Ҳаж – 2019” мавсуми олдидан брифинг ташкил этилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан “Ҳаж – 2019” мавсуми ҳақида маълумот берди.

Бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан, ватанда бўлиб турган пайтларидаёқ ўзларини ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрлаб, улуғ сафарга муносиб бўлиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатишди.

Жорий йилги зиёратчиларга юқори даражада хизмат кўрсатишни таъминлаш, ҳаж ибодати билан боғлиқ амалларни тартибли адо этишни йўлга қўйиш мақсадида гуруҳ раҳбарлари ва зиёратчилар учун сафаролди ўқувлари ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари билан “Ҳаж-2019” мавсумида ҳар бир зиёратчига ўз вақтида тегишли тиббий маслаҳат ҳамда зарур муолажаларни амалга ошириш бўйича ўзаро келишиб олинди.

Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Бу, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш нархларини ошишига сабаб бўлади.

Лекин ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилди. Президент ташаббуси билан Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгиланди. Яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилди.

Яна бир муҳим янгилик - бу йил ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида биринчи маротаба “Масжид ан-Набавий”дан 50 метр узоқликда жойлашган беш юлдузли “Пулман замзам” меҳмонхонасига жойлашишади. Макка шаҳрида эса Ҳарамдан узоқ бўлмаган тўрт юлдузли “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилишади.

Ҳожиларимиз учун 24 соат давомида замонавий автобуслар бепул хизмат кўрсатади. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 35 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 140 нафар гуруҳ раҳбари, 35 нафар шифокор ва 15 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Жорий йилнинг 15 июль куни “Ҳаж-2019” мавсуми зиёратчилари учун меҳмонхона, тиббий марказ, ошхона ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш мақсадида 10 нафардан иборат ишчи гуруҳи аъзолари Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Улар зиёратчилар учун барча қулай шароитларни тайёрлаш ишларини якунига етказди.

2019 йилнинг 24 июль – 3 август кунлари ўзбекистонлик 7 минг нафардан зиёд зиёратчини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКнинг Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Наманган-Мадина, Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиш ташкил этилади.

Жорий йилнинг 24 июль, яъни эртага биринчи рейс Саудия Арабистонига жўнаб кетади. Ўзбекистонлик ҳожиларни жорий йилнинг 17 август - 1 сентябрь кунлари “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК самолётларида Жидда-Тошкент, Жидда-Бухоро, Жидда-Самарқанд, Жидда-Урганч, Жидда-Қарши, Жидда-Нукус, Жидда-Наманган йўналишлари бўйича ватанга олиб келиш режалаштирилган.

Мавзуга оид