Тақдим этилган мақолада россиялик мутахассис Геннадий Онишченко гриппга қарши ҳар йили эмланишни соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва зарарли одатлардан воз кечиш билан бирга узоқ умр кўришга хизмат қилувчи чоралардан бири сифатида баҳолаган.

«Нацимбио» ҳолдингининг илм-фан бўйича маслаҳатчиси, профессор Игор Никитин ҳам вакцинациянинг эҳтимолий узоқ муддатли фойдасини инфекция ва унинг асоратларидан ҳимояланиш билан изоҳлаган.

Аммо «100 ёшгача умрни узайтириш» ҳақидаги фикрни аниқ клиник натижа сифатида қабул қилиб бўлмайди. Келтирилган тадқиқотлар муайян касалликлар ва хавфларни баҳолайди, инсоннинг қанча йил яшашини кафолатламайди.

Грипп сурункали касалликларни оғирлаштириши мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, грипп айрим ҳолларда пневмония ва сепсисга олиб келади, мавжуд сурункали касалликларнинг кечишини оғирлаштиради.

Кексалар, ҳомиладорлар, кичик ёшдаги болалар, сурункали касаллиги ёки иммунитети заифлашган шахсларда оғир асоратлар хавфи юқорироқ. Шу сабабли ушбу гуруҳларни инфекциядан ҳимоя қилиш алоҳида аҳамиятга эга.

Никитиннинг тушунтиришича, инфекцияга қарши иммун жавоб пайтида юзага келадиган яллиғланиш организмга қўшимча юклама беради. Бироқ вакцина қариш жараёнини тўхтатади ёки ёшартиради, деган хулоса чиқариш учун бунинг ўзи етарли эмас.

Юрак учун хавф ҳам ошади

Грипп билан юрак-қон томир асоратлари ўртасидаги боғлиқлик тадқиқотларда кузатилган.

2018 йилда New England Journal of Medicine журналида эълон қилинган Канада тадқиқотида лабораторияда грипп тасдиқланганидан кейинги етти кун ичида инфаркт сабабли шифохонага ётқизилиш ҳолатлари назорат даврига нисбатан тахминан олти баравар кўп бўлган.

Бу натижа гриппнинг юрак учун ҳам жиддий хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ у гриппга чалинган ҳар бир одамда инфаркт бўлади, дегани эмас.

Алцгеймер ҳақидаги натижаларни қандай тушуниш керак?

2022 йилда эълон қилинган тадқиқотда 65 ёш ва ундан катта одамларнинг тиббий маълумотлари таҳлил қилинган. Тўрт йиллик кузатувда гриппга қарши камида бир марта эмланганларда Алцгеймер касаллиги қайд этилиши эмланмаганларга нисбатан 40 фоиз камроқ бўлган.