«Ўзбекистон темирйўллари» АЖ маълумотига кўра, янги йўл ўтказгич мавжуд темирйўл кесишмаси ўрнида барпо этилган.

Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими З. Мирзаев, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бошқаруви раиси З. Нарзуллаев, транспорт прокурори И. Наримов, маҳаллий аҳоли ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Лойиҳа доирасида узунлиги 23,6 метр бўлган икки йўлли темирйўл кўприги қурилган. Қурилиш ишларидан сўнг темирйўл излари ўз жойига қайтарилган.

Шунингдек, 1 200 метрлик айланма темирйўл ҳамда автомобил йўли барпо этилган, 800 метр контакт тармоғи кўчириб ўтказилган.

Қурилиш давомида тўсиқ девор пойдевори учун 237 та қозиқ бўйича бурғилаш ишлари бажарилган. Жами 60 минг куб метр тупроқ ишлари амалга оширилган.

Ҳудудда автомобил ва пиёдалар йўлаклари ҳам қуриб битказилган. Ёмғир ва қор сувларини хавфсиз оқизиб юбориш учун тегишли қурилмалар ўрнатилган.

Компаниянинг билдиришича, йўл ўтказгич Зангиота тумани аҳолиси ва ҳудуд орқали транзит ҳаракатланувчилар учун қулайлик яратади. У автомобил йўлларидаги кундалик юкламани камайтириш, йўлдаги вақтни тежаш ва ҳаракат хавфсизлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.