Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимида кадрлар тайёрлашни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашининг Тошкент давлат юридик университети ҳузурида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кадрларини тайёрлаш институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари штат бирлиги ва молиялаштиришнинг амалдаги тартиби сақланган ҳолда Институтнинг юридик шахс ҳисобланадиган ҳудудий филиаллари сифатида қайта ташкил этилади.
Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
замонавий шароитларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
маҳаллий бошқарув ва ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалиётга йўналтирилган билимларни, шунингдек давлат ва ҳудудий дастурларни ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни сифатли ижро этиш, ахборотни мустақил излаш ва таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш;
ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини татбиқ этган ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларида таҳлилий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, ҳудудларда юзага келган муаммоларни таҳлил қилиш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни қўллаш ва талқин қилиш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган интерфаол машғулотларни мунтазам ўтказиш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларида фаолиятни режалаштириш ва иш режалари (“йўл хариталари”)ни сифатли бажариш кўникмаларини шакллантириш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ҳамда ўқув-амалий семинарлар жараёнида аниқланган муаммолар бўйича ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини такомиллаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, маҳалла тизимида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини жорий этишга қаратилган фундаментал, амалий ҳамда инновацион тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек маҳаллани ноёб тузилма сифатида ўрганишга йўналтирилган тадқиқотларни мувофиқлаштириш;















