Спорт | 16:38 / 24.07.2019
13680
3 дақиқада ўқилади

«Локомотив» янги футболчиларни таништирди, уларнинг орасида никарагуалик ҳужумчи бор

24 июль куни «Локомотив» ўз таркибига қўшиб олган футболчиларни таништирув маросимини ўтказди. 

Давралар оралиғида Остон Ўрунов, Ариагнер Медина Смит, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов, Иброҳим Ғанихонов ва Тоҳир Рафаэлов «Локомотив» сафига ўтишди.

Таништирув маросимида клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов ва янги футболчилар иштирок этишди. Жавоҳир Эсонқулов тиббий кўрикдалиги сабабли матбуот анжуманига етиб кела олмади.

«Жамоамиз одатда ёзги танаффус вақтида хорижда йиғинларда қатнашарди. Аммо давралар оралиғи қисқа бўлганлиги, шунингдек, асосий футболчиларимизнинг кўпчилиги январь ойидан буён дам олмагани туфайли ўз қароргоҳимизда йиғин ўтказишга қарор қилдик. 

Йиғин вақтида ўтказилган бир неча ўртоқлик ўйинларида мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратишди. Жамоамизни Филипп Раевац, Азизбек Ҳайдаров ва Ҳусниддин Ғофуров тарк этишди. Уларнинг ўрнини ёш футболчилар билан тўлдиришга қарор қилдик. 

Мураббийлар штаби билан келишган ҳолда биз жамоани ёшартиришга, яъни тажриба ва ёшликни мужассамлаштиришга ҳаракат қилдик. Эътибор берган бўлсангиз, янги олинган футболчиларнинг катта қисми ёш йигитлар. Остон Ўрунов 2000 йилда туғилган. Унинг қандай имкониятларга эга эканлигини барча кўриб бўлди. Шунингдек, ёш ва умидли футболчимиз Тоҳир Рафаэлов 2002 йилда туғилган ва у илк марта профессионал клуб билан шартнома имзоламоқда. Иброҳим Ғанихонов ҳам эндигина 19 ёшга кирди. Никарагуалик Ариагнер Смит Медина 20 ёшга тўлган. Бу каби ёшлар орқали биз жамоанинг пойдеворини янада мустаҳкамлаб олишимизга ишонаман. Шунингдек, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов каби тажрибали футболчилар ҳам жамоамизнинг кучига куч қўшади», - деди Акрамов.

Шундан сўнг янги футболчиларга «Локомотив» клуби либослари тақдим этилди. Хусусан, Остон Ўрунов – 6, Жавоҳир Соҳибов – 15, Медина Смит – 22, Тоҳир Рафаэлов – 40, Иброҳим Ғанихонов – 18, Жавоҳир Эсонқулов – 21 рақамларда ўйнайдиган бўлишди.

Мавзуга оид