Ўзбекистон | 12:38 / 29.07.2019
5394
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбийлар илк бор «Танк биатлони» мусобақасида иштирок этишади

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат Ўзбекистон жамоаси Халқаро армия ўйинларининг Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган мусобақаларида иштирок этиш учун белгиланган манзилга етиб борди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.

Айни дамда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар Москва вилоятидаги “Алабино” дала-ўқув майдонида “Танк биатлони” ва “Дала ошхонаси” мусобақасига сўнгги тайёргарлик машғулотларини олиб боришмоқда.

Ҳарбийларимиз мусобақа ўтказиладиган ўқув жойлари билан яқиндан танишиб, шартлар буйича пухта тайёргарлик кўрмоқда. Ҳар бир давлатнинг дала-ўқув майдони бир-биридан маълум маънода фарқ қилиши табиий. Шу боис Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ҳарбий хизматчилар дала-ўқув майдонининг мусобақа бўлиб ўтадиган ҳар бир нуқтасини синчиклаб ўрганиб чиқмоқда.

“Танк биатлони” мусобақасида илк бор иштирок этаётган ҳамюртларимиз 13 та жамоа билан куч синашади. Бугун, 29 июль куни “Танк биатлони” мусобақасига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади.

Жамоамизнинг яшаш шарт-шароитлари, “АрМИ – 2019” мусобақасига кўрилаётган тайёргарлик жараёни Мудофаа вазирлигининг масъул офицерлари томонидан узлуксиз назорат қилиб борилмоқда. Уларга нуфузли мусобақа олдидан сўнгги кўрсатмалар берилган.

Сарвар Рахимов
Тайёрлаган Сарвар Рахимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид