Харитада ўзаро мудофаа мажбуриятларини назарда тутувчи расмий кўп томонлама келишувларга эътибор қаратилган. Умумий ҳарбий ҳамкорлик ёки мудофаа технологиялари соҳасидаги шерикликлар алоҳида тоифа сифатида қаралган.
Бундай келишувларнинг асосий тамойили — иштирокчилардан бирига қуролли ҳужумни барчага қарши ҳужум сифатида баҳолаш. Бироқ ёрдам кўрсатиш тартиби ва иштирокчиларнинг аниқ мажбуриятлари ҳар бир шартномада алоҳида белгиланади.
Харита НАТО, Америка давлатлари ташкилоти, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва КХШТ маълумотлари, шунингдек, Al Jazeera ҳамда Atlantic Council материаллари асосида тайёрланган.
Тақдим этилган бирлашмалар орасида НАТО аъзолар сони бўйича энг йириги ҳисобланади. 1949 йилда 12 давлат томонидан тузилган альянс ҳозир Европа ва Шимолий Америкадаги 32 мамлакатни бирлаштиради. Финландия 2023 йилда, Швеция эса 2024 йилда унга қўшилган.
Харитадаги энг қадимий келишув — Рио пакти деб танилган Америка давлатлари ўртасидаги ўзаро ёрдам шартномаси. У 1947 йилда, НАТОдан икки йил аввал имзоланган.
Рио пакти Ғарбий яримшарда жамоавий мудофаа тизимини яратган. Кейинги ўн йилликларда унинг иштирокчилари таркиби ўзгарган. АҚШ ҳам Рио пакти, ҳам НАТО иштирокчиси ҳисобланади.
Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши эса минтақадаги олтита монархияни бирлаштиради. Саудия Арабистони ҳам ушбу тузилмага аъзо.
2026 йил августда Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон Макка қўшма мудофаа келишувини имзолаган. Ҳужжатга кўра, уч давлатдан бирига қуролли ҳужум барчасига қарши ҳужум деб қаралади.
Бироқ келишувнинг имзоланиши билан унинг тўлиқ кучга кириши бир хил босқич эмас. Reutersʼнинг 25 сентябрдаги хабарига кўра, Туркия парламенти спикери Нуман Куртулмуш ҳужжатни парламент тасдиғига киритиш октябрдан кутилаётганини айтган. У шу пайтгача ўтказилган учрашувларни тайёргарлик жараёни деб таърифлаган.
Туркия НАТОга, Саудия Арабистони эса Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо. Покистон бу икки тузилмага кирмайди ва ядровий қуролга эга давлат ҳисобланади. Шу жиҳатдан янги келишув турли минтақавий хавфсизлик тизимлари ўртасида қўшимча боғлиқлик яратади.
КХШТда эса Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон фаол иштирок этмоқда. Арманистон 2024 йилда иштирокини музлатган, аммо ташкилотдан расман чиқмаган. Шу боис унинг расмий аъзолиги ва амалдаги иштироки ўртасида фарқ бор.

















