Reuters агентлиги 28 сентябр куни танишган ҳукумат ҳужжатларига таяниб, шундай хабар берди.
Ҳужжатларга кўра, Россиянинг келгуси уч йилдаги умумий мудофаа харажатлари 50 триллион рублни ташкил этади. 2026 йил учун эса мудофаа мақсадларига 12,1 триллион рубл сарфлаш режалаштирилган эди.
Reuters амалдаги харажатлар миқдори махфийлигини қайд этган. Ҳарбий харажатларнинг бир қисми бюджетнинг бошқа бўлимларига ҳам киритилган бўлиши мумкин.
Бюджет тақчиллиги прогнози икки баравар оширилди
Россия ҳукумати 2026 йил учун бюджет тақчиллиги прогнозини ялпи ички маҳсулотнинг 1,6 фоизидан 3,2 фоизига оширган.
Жорий йилда бюджет харажатлари 13,2 фоизга кўпайиб, 48,6 триллион рублга, яъни ЯИМнинг 20,9 фоизига етиши кутилмоқда.
Бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси 1 октябр куни Давлат думасига киритилиши керак.
Янги солиқлар ва қўшимча қарзлар
Ўтган ҳафта, сайловлардан сўнг, Россия расмийлари 2027 йилда солиқларни яна ошириш режаларини эълон қилган.
Хусусан, тоғ-кон ва металлургия мажмуасининг айрим сегментлари ҳамда ўғит ишлаб чиқарувчиларнинг ўта юқори даромадларига янги солиқ жорий этиш орқали йилига қарийб 200 миллиард рубль қўшимча тушум олиш кутилмоқда.
Ҳужжатларга кўра, 2027 йилда соф қарз олиш режаси 26 фоизга оширилиб, 5 триллион рублга етказилади. Бюджет тақчиллигини қисқартириш учун Миллий фаровонлик жамғармасидан 459 миллиард рубль йўналтириш ҳам кўзда тутилган. Бу жамғарманинг ликвид қисмининг тахминан 11 фоизига тенг.
Нефт ва газ даромадлари прогнози пасайтирилди
Россия ҳукумати 2026 йилда нефт ва газдан олинадиган даромадлар прогнозини аввал кутилган 8,9 триллион рублдан 7,6 триллион рублга туширган.
Давлат қарзи 2026 йилдаги ЯИМнинг 19,9 фоизидан 2027 йилда 21,7 фоизигача ўсиши кутилмоқда. Бу Россия расмийлари хавфсиз деб ҳисоблайдиган 20 фоизлик даражадан юқори.
Reuters маълумотига кўра, 2027 йилда қарз олишнинг умумий ҳажми 43 фоизга ошиб, 7,7 триллион рублни ташкил этади.

















