Ўзбекистон | 16:42 / 30.07.2019
20692
3 дақиқада ўқилади

Депутат «снос»лар ҳақида: «Ўн нафар депутат бошқа фикрда бўлса ҳам, бир ҳокимнинг айтгани бўлмоқда»

Расул Кушербаев

Кеча, 29 июль куни Ўзбекистон телеканалида «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сони эфирга узатилди. 

Кўрсатувнинг мазкур сони Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида билдирган фикрлари, жумладан, «Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман – асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт», деган топшириғининг ижроси бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев кўрсатув бошловчисининг қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назорати яхши ишламаслиги, хусусан, депутатларнинг суст фаолияти борасидаги саволи юзасидан фикр билдирган.

«Олий Мажлис депутатлари ҳар ойнинг охирги ҳафтасида жойларга чиқиб сайловчилар билан учрашган ҳолда муаммоларни ўрганишади. Бу амалиётга киритилган жараён. Қолган пайтда улар қонун ижодкорлиги соҳаси билан банд бўлишади. Лекин одамлар депутат деганда фақат Олий Мажлис депутатларини тушунмаслиги керак, чунки жойларда вилоят ва туман маҳаллий кенгашларининг депутатлари ҳам бор. 

Тўғри, бу ерда турли сабаблар келтирилмоқда, бироқ очиғини айтганда, депутатларнинг гапига қулоқ соладиган ҳокимлар жуда кам. Ҳокимлик ва ҳокимларга берилган ваколатларнинг жуда катталиги депутатларнинг улар билан тенг баҳс-мунозара олиб боришига йўл бермайди.

Ўн нафар депутат бир нарсани айтсин, лекин битта ҳоким бошқа нарсани хоҳласа, албатта, ҳокимнинг айтгани бўлади. Энг ёмони, бизда бир психологиядан қутулолмаяпмиз, айниқса, ҳокимликларда «мен шу ердаман, мен қонунман, мен судьяман, мен прокурорман ва мен ҳаммасини қиламан», деган манманлик бор. Афсуски, бу ҳолатга жуда кўп дуч келмоқдамиз. Қонун борми, қарор борми айнан мана шу жойга келганда тўхтаб қоляпти», - дейди депутат.

Расул Кушербаев жойларда маҳаллий ҳокимларнинг амалга ошираётган қурилиш ишларига қандай қараши борасида ҳам фикр билдирган. 

«Жойларда бўлаётган қурилишлар бўйича ҳокимларнинг назарида иккита мақсад бор: биринчиси одамларга ҳақиқатда фаровонлик яратиб бериш ёки иккинчиси нима бўлишидан қатъи назар берилган топшириқни бажариб, яхши кўриниш (очко олиш).

Агар халқини ўйлаган ҳоким бўлса, қандай оғир топшириқ бўлмасин, албатта, халқи билан маслаҳатлашиб, ҳисоблашиб иш қилади. Аммо натижа учун ишлаётган ҳокимлар нима бўлиши, ким норози бўлишидан қатъи назар «бузиш керакми, бузиш керак» қабилида иш қилишмоқда», - дейди депутат Расул Кушербаев.

Мавзуга оид