Спорт | 17:00 / 30.07.2019
12545
3 дақиқада ўқилади

Токио Олимпиадасига йўлланмалар сони ҳозирча 3та, хорижлик 13 нафар спортчига фуқаролик паспорти берилди

Бугун, 30 июль куни Олий Мажлис Сенатида бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон спортчиларини 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг ахбороти тингланди.

Тадбирда XXXII Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш учун 196 миллиард, терма жамоаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга қўшимча 1,7 миллиард сўм маблағ ажратилгани таъкидланди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг айтишича, 2018 йили Ўзбекистон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган 3 минг 119 нафар спортчидан 420 нафар номзод саралаб олинди. Шундан 97 нафари спортнинг 21 тури бўйича (академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, велоспорт, дзюдо, енгил атлетика, каратэ WKF, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, сузиш, сув полоси, стол тенниси, таэквондо WTF, теннис, трамполин, футбол, эркин кураш, юнон-рум кураши, ўқ отиш, қиличбозлик) ёзги Олимпиада ўйинларида қатнашиши белгиланган.

Терма жамоа аъзоларининг пухта тайёргарлик кўришлари учун мулкчилик шаклидан қатъи назар асосий ва ҳудудий спорт базалари бириктирилиб, уларнинг ҳар бирига жами 2 миллиард сўмлик фармакологик дори воситалари харид қилинди ва етказиб берилди.

Номзод спортчилар билан алоҳида режа асосида тайёргарлик ишларини олиб бориш мақсадида Хитой, Россия, Беларусь, Франция, Эстония, Польша, Грузия, Мексика ва Аргентина каби ривожланган давлатлардан 13 нафар хорижий мутахассис ва мураббийлар жалб этилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоа таркибидан юқори натижаларга эришган чет эллик 13 нафар спортчи ҳам жой олди ва уларга фуқаролик биометрик паспортлари расмийлаштириб берилди.

Бугунги кунга қадар теннис бўйича Денис Истомин, велоспорт бўйича Ольга Забелинская ҳамда паралимпиянинг ўқ отиш спорт тури бўйича Сервер Ибрагимов Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди. Улар сони 100 нафардан ошиши кутилмоқда.

Миролим Исажонов
Тайёрлаган Миролим Исажонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид