Жамият | 13:42 / 31.07.2019
13712
2 дақиқада ўқилади

Мирзо Улуғбек кичик саноат зонасида йирик ёнғин юз берди

Фото: Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси

2019 йил 31 июль куни соат 11:09да, Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчаси 14а-уй, Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси ҳудудида жойлашган арматура ишлаб чиқариш цехининг трансформатор подстанцияси ва унинг мойлари 250 кв.м. майдонида ёнган. 

Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси хабарига кўра, ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 11:14да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 11:53да қуршаб олиниб, соат 12:24да ўчирилган. Ёнғин жойига 10 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.

Ёнғин ишлаб чиқариш технологик жараёнининг бузилиши натижасида электр таъминотининг ортиқча кучланишидан содир бўлган, деб тахмин қилинмоқда. Ёнғиндан келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ёнғинда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади.  

“Шу муносабат билан, Тошкент шаҳар Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объект раҳбар ҳамда ходимларини, шунингдек фуқароларимизни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этишларини сўраб қолади”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид