27 октябр куни ижтимоий тармоқларда кўчада бир киши ёниб кетгани ва атрофдагилар оловни ўчиришга уринаётгани акс этган видео тарқалди.
Хабарларда трансформаторда рўй берган портлаш оқибатида кўп қаватли уй электрсиз қолгани, жабрланувчи эса оғир аҳволда шифохонага олиб кетилгани айтилган.
«Тошкент шаҳар электр тармоқлари» ушбу хабар юзасидан муносабат билдириб, ёнғин Миробод тумани Нукус кўчасида жойлашган Parkwood турар жой мажмуасидаги трансформатор пунктида юз берганини маълум қилди.
Корхона маълумотларига кўра, ушбу трансформатор пункти «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тошкент шаҳри ҳудудий филиали балансида турмайди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин трансформаторда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган вақтда фазалараро қисқа туташув натижасида содир бўлган.
Хабарда видеода акс этган шахс туман электр корхонаси ходими эмаслиги, таъмирлаш ишлари истеъмолчига хизмат кўрсатувчи хусусий корхона ходимлари томонидан амалга оширилгани қайд этилган.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги эса «икки нафар йигит турли даражадаги куйиш жароҳатларини олгани, уларга тиббий ёрдам кўрсатилаётгани» ҳақида хабар берган.
Жабрланганларнинг аҳволи ҳақида маълумот берилмаган.

















