Аввалги трансфер ойналари билан солиштирганда, бу ёзнинг бир жиҳати кўзга ташланади. Катта клублар таркибида жуда кўп кучли, аммо кераксиз бўлиб қолган ажойиб футболчилар йиғилиб қолган. Улардан халос бўлиш осон бўлмаяпти. 

Футболчиларнинг ликвидлилиги билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам бўлган, аммо сал бошқача мазмунга эга эди. Қачонлардир «Ливерпуль» Балотеллидан қутулмоқчи бўлган; Антонио Касанодан эса, у қаерда ўйнаса, ўша клуб қутулишга уринарди. Яъни ўша ҳолатларда асосий муаммо футболчининг ўзида, унинг характерида бўлган. Ҳозир эса трансферлар тизими жуда кўп вазиятларни боши берк кўчага олиб кириб қўймоқда. 

Яхши футболчиларни сотишда деярли барча топ клублар муаммоларга дуч келишган. «Арсенал» Месут Ўзил ва Шкодран Мустаини сота олмаяпти. «Арсенал»нинг трансферлари айнан шу футболчиларнинг сотилиши, бу сотувлардан келадиган маблағга боғлиқ – аммо аниқ харидорлар йўқ. Натижада, мавсум бошланганда, Эмери ҳимоя марказида яна Мустафи – Папастопулос жуфтлигига, ягона ҳужумкор яримҳимоячи ролида эса Ўзилга таянишга мажбур. 

Шу билан бирга, Ўзил – нафақат жаҳон чемпиони, балки клуб миқёсда деярли барча совринларни ютган, сўнгги олти йилда АПЛнинг энг яхши ассисентларидан бири, ўтган мавсумдан ташқари, келганидан буён ҳар йили бу борада Англиянинг кучли учталигидан жой олиб келмоқда. Унинг ўйин услуби Эмерига мос келмади; мантиқан, трансфер қилиниши керак, аммо етарли суммани ҳеч ким тўлашни истамаяпти. 

Бошқа клублар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. «Манчестер Сити»да Данило ҳеч кимга керак эмас. Тўғри, у Англиянинг энг яхши жамоаси учун асосий таркибга мос эмасдир, аммо ҳар қандай бундайроқ клубда ўйнаб кета олади. Алексис Санчес масаласи-ку, алоҳида китоб бўлишга арзийди. Америка Кубогида футболчи жуда яхши формада экани маълум бўлди, аммо уни «Манчестер Юнайтед»да кузатсангиз, ўйнашни эсдан чиқариб қўйгандек тасаввур уйғотади. Ҳа, шунингдек, «Юнайтед»даги 125 нафар марказий яримҳимоячилар ҳам, жамоага мос бўлмаса-да, топ-6`дан ёки Англиядан ташқаридаги жуда кўп клубларни кучайтирган бўлишарди.  

Яна, «Реал», Гарет Бэйл, уч йилга бўлинган 50 миллион маош ва шунча солиқлар бор. Клуб ҳатто Бэйлни текинга Хитойга қўйиб юборишига ҳам сал қолди, лекин охирги паллада фикридан қайтди. «Барселона» эса умидсизлик билан Филиппе Коутиньога даъвогар излаяпти; уни «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ» ва «Ливерпуль»га таклиф қилиб кўрди. Неймарга алмаштириш нияти ҳам бор, аммо ҳозирча ҳеч ким рози эмас.  

«Ювентус»да Саррига керак бўлмаганлар ичидан каттагина юлдузли рамзий жамоа тузиш мумкин. Рўйхатга Гонсало Игуаин, Мойзе Кин, Блез Матюиди, Сами Хедира, Марио Манжукич ва сўнгги хабарларга қараганда, ҳатто Пауло Дибалани ҳам қўшиш мумкин. Трансфер бозори очилганига бир ой бўлди, лекин «Ювентус»нинг энг қиммат сотуви ҳалигача «Рома»га 29 миллионга кетган Леонардо Спинаццола бўлиб турибди. Ҳатто анча камтарона таркибга эга «Интер» ҳам Перишич, Наингголан ва Икардиларни сота олмай ҳалак. Улар клубнинг режаларида йўқ, ҳатто машғулотларда қатнашишмаяпти, аммо трансфер ҳам йўқ.