Дам олиш кунларида Испания чемпионатида 3-тур учрашувлари ўтказилди. Бу турда «Реал» ва «Барселона» очко йўқотди, «Атлетико» эса даҳшатли камбэк ижро этиб, турнир жадвалида якка пешқадамга айланди.

Кўк-анорранглилар Памплонада очко олишга муваффақ бўлди, 16 ёшли Фати гол урди

Испания чемпионати. 3-тур
«Осасуна» — «Барселона» — 2:2 (1:0)
Голлар: Торрес, 7 (1:0). Фати, 51 (1:1). Артур, 64 (1:2). Торрес, 81 — пенальти (2:2).
«Осасуна»: Мартинес, Н.Видаль, Эрнандес, Дав.Гарсия, Эступиньян, Торрес, Ойер, Мерида (Монкайола, 71), Р.Гарсия (Ибаньес, 65), Авила, Брандон (Вильяр, 78).
«Барселона»: тер Штеген, Семеду (Фати, 46), Пике, Лангле, Жорди Альба, Сержи Роберто, Бускетс, де Йонг (А.Видаль, 82), Рафинья (Артур, 53), Гризманн, Перес.
Огоҳлантиришлар: Мерида, 13. Сержи Роберто, 32. де Йонг, 37. Брандон, 43. Пике, 82. Монкайола, 90+1. Лангле, 90+4.
Ҳакам: Мартинес Мунуэра.
31 август. Памплона. «Эль Садар» стадиони.

Месси нега ўйнамаяпти?
«Барселона» сардори ўтган ҳафта ўртасида Монакодаги маросимда ЕЧЛнинг 2018-19 йилги мавсумининг энг яхши ҳужумчиси учун мукофотни қабул қилиб олди. Маросимда у соғлом ва тетик кўринганди. Лео жамоа билан бирга шуғулланмоқда ва ўйнашга тайёр, аммо Вальверде ва мураббийлар штаби уни аяшда давом этишмоқда ва у қаторасига учинчи ўйинда ҳам иштирок этмади. Ҳозиргача жамоа сардори қачон майдонга қайтиши номаълум, чунки унинг бел қисмидаги муаммо яна қайталаниб қолиши мумкин.

«Барса» ҳамон уйқуда
Вальверде ҳужумчилар танқислиги тўғрисидаги саволга оригинал тарзда жавоб қайтарди: қаторасига иккинчи ўйин заявкасига «Барселона» тарбияланувчиси, 16 ёшли Анссумане Фати киритилди. Мураббийнинг бу танлови тушунарли, жароҳатлар туфайли юзага келган вазият уни шундай чораларга мажбур бўлмоқда. Яна бир академия тарбияланувчиси, «Барса Б» жамоаси футболчиси Карлес Перес ҳам ўйинни илк дақиқалардан майдонда бошлади.

«Барселона» мавсум стартини нафақат асосий уч ҳужумчисисиз, балки жамоавий ўйиндаги муаммолар билан бирга бошламоқда. Яримҳимоя чизиғи вакиллари ҳали ўзаро тушуниб ҳаракатланишни керакли даражага етказа олишмади, ҳужумчилар ҳам бир-бирлари билан энди танишишмоқда, шу туфайли «Барса»нинг позицион ҳужумлари ўхшамаяпти. Бу ўйинда Вальверде жамоасидаги камчиликларни тезкор гол ёпиб кетиши мумкин эди, аммо барчаси аксинча бўлди. Ўйиннинг 7-дақиқасидаёқ Торрес «Осасуна»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди ва «Барса»нинг барча нуқсонлари фош бўлиб қолди. «Қирол яланғоч-ку!» — Памплона шундай ҳайқирди ва ҳужумни якунига етказди.