22:00 / 05.08.2019
20648

Марина нега жиззахлик шифокорларни айбламоқда: Унга нотўғри ташхис қўйилганми?

«Инсон учун энг катта бойлик бу — албатта, саломатлик. Дунё бойликларига-да алишмайдиган соғлиғимизни шифокорларга ишонамиз. Улардан шифо топишимизга умид қиламиз. Фаришта мисол оппоқ халатларда сизга муолажа қилаётган шифокор-у ҳамшираларга ҳавас ҳам қиламиз. Улардан нажот кутамиз. Аммо мен ортиқ уларга ишонмайман. Айнан «оппоқ халатли» шифокорларнинг айби билан ногирон бўлдим. Уч йилдан бери тузалиш ўрнига турли касалликлар орттирдим. Нотўғри ташхис ва даволаниш оқибатида иккинчи оёғимда ҳам оғриқлар бошланди. Менга нотўғри ташхис қўйиб, қайта ва қайта операция қилган масъулиятсиз шифокорларга чора кўриладими? Мен қайта оёққа тураманми? Мурожаат қилмаган жойим қолмади. Ёзган аризаларим ҳеч натижа бермаса, уларни Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари ёлғон важлар билан қайтариб юборса... Мен кимга мурожаат қилишим керак? Соғлиғимни ким тиклаб беради? Охирги умидим сиздан, ҳурматли Kun.uz таҳририяти ижодкорлари менга шу масалада ёрдам беришингизни сўрайман».

Таҳририятга нажот истаб мурожаат қилган Марина Шунк билан унинг уйида учрашдик. Марина Шунк ота-онаси билан Жиззах шаҳридаги «Бобур» МФЙда истиқомат қилади.

Суҳбат аввалида Маринанинг онаси барча касаллик варақалари-ю, ташхис қоғозлари турли тиббий аппаратлардан олинган йўлланма ва қоғозларни кўрсатар экан, шунча ҳаракат зое кетганини, охирги операциядан кейин қизининг аҳволи бутунлай ёмонлашгани ва бунинг биргина сабаби шифокорларнинг ўз ишига совуққонлик билан ёндашганини айтиб ўтди.

«Уч йил олдин чап оёғимда оғриқ бошланди, аввалига эътибор бермадим аммо бир ҳафтага бормай оғриқ зўрайиб, юришга ҳам қийнала бошладим. Табиийки, ҳудуддаги поликлиникага чиқдим. Барчаси ўшандан бошланди.

Менга онкологик касаллиги бор, дея тахминий ташхис қўйишиб, текширувга жўнатишди. Аммо таҳлиллар менда онкологик касаллик йўқлигини кўрсатди. Сўнг физиотерапия буюришди. Бу эса аҳволимни баттар оғирлаштирди. Бир неча мурожаатимдан сўнг мени қайтадан кўрикдан ўтказган шифокорлар «гемангиома» (мушаклар узилиши) ташхисини қўйишди.

2018 йилнинг 2 март куни Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг травматология бўлимида «чап оёқ болдир соҳаси мушак фасцияси» ташхиси билан оёғимни операция қилишди. Ўшанда жуда қувонгандим. Афсуски, операциядан сўнг кўп ўтмай оёғимда шиш пайдо бўла бошлади. Оёғим тузалиш ўрнига йиринглаб жуда ёмон аҳволга келди. Касалхона ва шифокорларга қатнайвериб безор бўлдим. Ўтиролмайдиган бўлиб қолдим. Мурожаатларим туфайли яна айни ўша шифокорлар иштирокида энди «люмбоишиалгия» ташхиси остида даволашни бошлашди.

Ўша биринчи операциядан сўнг Жиззах шаҳар ва вилоят прокуратурасига ҳақиқий ҳолат ҳақида ариза ёздим. Аризамга жавоб эса жуда кулгили эди. Унда қорин бўшлиғидаги қандайдир касаллик билан операция қилинганим ва мен томондан келтирилган важлар асоссизлиги кўрсатилган.

Алам қилгани — менинг аризамга бу қадар совуққонлик билан жавоб берган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари воқеани тўлиқ ўрганиб ҳам ўтиришмаганди. Шунчаки, қорин бўшлиғида операция ўтказган қандайдир беморнинг мурожаатига менинг исм-фамилиямни қўшиб жўнатиб юборишган.

Шу кунгача 45та блокада қилиндим. Фойда кўрмадим. Мен доим бепул йўлланма билан касалхонага борган бўлсам ҳам оддий бинтга ҳам пул тўлаганман. Камига «миннатдорчилик хати»ни ҳам ёзиб беришимизни сўрашган. Жорий йилнинг январь ойида қайтадан операция қилиндим. Аммо нима наф?.. Мана, аҳволимни кўриб турибсиз.

Учинчи операциядан кейин эса оёғимдаги оғриқ кучайиб, йиринг билан бирга турли ип ва тушунарсиз моддалар чиқаётгани мени даҳшатга соляпти. Бундан кўриниб турибдики, мени операция қилган шифокорлар ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган. Улар учун бир инсон тақдири ўйинчоқми?», —дейди Марина Шунк

«Марина қизим жуда қийналди. Уч марта жарроҳлик столига ётқизилган бўлса, олти марта кичик жарроҳлик операцияларини бошидан ўтказди. Яқиндагина Самарқандга бориб, оёғидаги йирингни тозалатиб келдик. Қизимнинг иммунитети тушиб кетган. Бунинг устига бир йил давомида сон-саноқсиз диагностика ва нур аппаратларига тушавериб силласи қуриган. Унинг иситмаси тушмаяпти. Бу оёқдаги йиринг натижаси. Ўнг оёқда ҳам худди шундай оғриқ бошланган. Бошимиз қотди. Кетган харажатни айтмай қўяверай. Турмуш ўртоғим билан топганимизни қизимизнинг соғлиғи учун сарфлаяпмиз. Мурожаат қилавериб чарчадик.

Сўнгги марта мурожаат қилганимда Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Фарҳод Норқўзиев «сизсиз ҳам беморимиз кўп, ортиқ сизлар билан шуғуллана олмаймиз, истаган жойингизга мурожаат қилаверинг», деганди.

Менинг ўзини шифокор деб айтаётганларга саволларим бор. Нега улар турли тиббий аппаратларда «гемангиома» ташхиси тасдиқланмаса-да шу ташхисни қўйишди? Нега қизимнинг оёғини 9 марта кесишди? Энди нима қилишмоқчи? Яна кесиб йиринг билан ёпиб тикиб қўйишадими? Оқибатига кимдир жавоб берадими?

Бундан бир ой муқаддам Жиззахда бутунжаҳон травматологларининг семинари бўлиб ўтди. Биз Марина билан ўша ерга бордик. У ерга дунёнинг турли бурчакларидан тажрибали травматологлар ташриф буюрган экан. Бизни қабул қилган россиялик машҳур травматологлардан бири Юрий Солдатов ўз тавсияларини бериш билан бир қаторда МРТ кўригидан ўтиб унга жўнатишимизни илтимос қилди. Айни дамда бу кўрик бироз қимматлик қилган бўлса-да кўрикдан ўтиб келдик, унинг натижаларини дискка тушириб жўнатамиз.

Текширув натижаларига тўхталадиган бўлсам шуниси аниқки, бу ерда жиззахлик шифокорлар қўйган ташхиснинг тамомила тескариси ёзилган. Охирги умидимиз Юрий Солдатовдан. Қанчалик қийин бўлмасин, унга албатта текширув натижаларини юборамиз. Агар сиз жиззахлик шифокорларга бориб бизнинг мурожаатимиз ҳақида гапирсангиз, улар албатта сизга бизнинг ўта ношукр эканлигимизни айтишади, қандай бўлмасин ўзимизни айбдор қилишади», — дейди Галина Шунк.

 Марина Шунк фаол ва ношукур мурожаатчими?

Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида шифокорлар бир овоздан Марина Шункнинг ўта фаол шикоятчи эканини ва кўрсатилаётган шунча тиббий хизматларга қарамасдан ношукрлик қилишини таъкидлаб ўтишди.

«Марина Шунк шаҳар, вилоят ва республика миқёсида тўлиқ текширувлардан ўтган. Унга кўрсатилиши керак бўлган барча хизматлар икки, ҳатто уч баравар ортиғи билан кўрсатилган. Куни-кеча унга Тошкентга бориб қайтадан кўрикдан ўтиб келиши учун бепул имтиёзли йўлланма берилди. Шуни алоҳида таъкидлашим лозимки, Марина Шункка кўрсатилган хизматларнинг барчаси бепул бўлган», — деди Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳабари Исомиддин Аширматов.

«Марина Шункни жуда яхши танийман. Биласизми, бу қизимиз спортнинг таэквандо тури билан шуғулланган. Мана шу машқлар давомида у жароҳат олган. Мушаклар устида пардаси бўлади, қаттиқ зарб натижасида мушак пардаси жароҳатланган. Жароҳати ҳам шунинг оқибатида юзага келган. Унга қўйилган ташхис аввалбошдан тўғри бўлган. Операциядан сўнг жароҳатидаги иплар сўрилмай қолган. Организм ипларни чиқариб ташлади. Унинг организми буни қабул қилмади. У эса буни нотўғри тушунди. Мана шу машмашалар остида биз бу қизимизни ногиронликка ҳам чиқардик. Ҳадеб мурожаат қилавергани учун унга II гуруҳ ногиронлиги берилди. Аслида, бу касаллик билан ногиронлик берилмайди.

Яхши кўрамизми, ёмон кўрамизми фаол мурожаатчилар бор. Шифокорлар қисматига шунақалар ҳам ёзилган экан-да. Наилож, ишимиз шу — даволаймиз. Айни дамда унга миазид (чап оёқ болдир соҳасида легатура оқмаси) ташхиси қўйилган. Бу табиий ҳолат. Касаллик тузалиши учун вақт ва шифокор назорати керак. Афсуски бемор буни тушунмаяпти. Кутишни истамаяпти. Ахир касаллик дарров тузалмайди. Бу ерда ваҳима қилишга ҳеч бир асосни кўрмаяпман. Вақт ўтиши билан яра тузалиб кетади. Яралар ҳар хил битади. Маринада бу жараён жуда секинлик билан кечяпти. Организм аллергияга мойил бўлгани боис яралар битиши қийин бўляпти», —  дейди Жиззах шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника мудири Мусохон Имомов.

«Марина Шункни ҳамма шифокорлар танийди. У тонг отмасдан раҳбардан тортиб оддий шифокоргача кимни таниса қўнғироқ қилишни бошлайди. Унга қанча тушунтирмайлик, барибир тушунмайди. Безор қилса-да унинг ҳар бир саволига жавоб беришга мажбурмиз. Устимиздан арз қилмаган ташкилоти қолмади. Унга берилган имтиёзли йўлланмаларнинг эса сон-саноғи йўқ. Ношукрлик яхши эмас.

Республикадаги таниқли академиклар ҳам текшириб шу ташхисни қўйишди. У ва унинг оиласи эса нуқул бизни айбдор қилади. Нима эмиш, биз унга нотўғри ташхис қўйганмиз ва даволаганмиз. Рости тушунмай қолдик, дори-дармонларини ҳам олиб бориб бердик. Тошкентга бориб келди, охирги хулосани олганимиздан кейин, унинг даволовчи жарроҳи керакли тавсияларни берди. Кутяпмиз, кунора текшириб турибмиз.

Марина Шункнинг эътирозига кўра, бугунги кунда унинг оёғидан йиринг оқяпти. Шифокорлар текширишди, оёқда йиринг йўқ. Намланиш бор, у эса буни йиринг деяпти. Биз уни барча шифокорларга кўрсатяпмиз, консультация оляпмиз. Эътирозлар ноўрин деб биламан, бўлар-бўлмасга Тошкентдан мутахассис чақиравериб ҳам чарчадик. Ахир бунинг барчаси маблағга бориб тақалади.

Юқорида айтганимдек, бу қизимизни академик Феруза Назирова ҳамда профессор Фазлиддин Баҳриддинов текширишди. Ишонмассиз, балки бу қизимиз ҳатто шу улуғ инсонларнинг ҳам устидан арз қилди, айни дамда Марина Шунк мурожаати бўйича соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланяпти. Яна қандай эътибор керак, ҳайронман», — дейди Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбар муовини Камола Муродова.

Шифокорларнинг сўзларига кўра, Марина Шунк ва унинг оиласи томонидан келтирилаётган эътирозлар қуруқ туҳматдан бошқа нарса эмас. Биз имкон даражасида Марина Шункни даволаган ва у доимий кузатувда бўлган ҳар бир шифокор билан суҳбатлашиб уларнинг ҳам фикрини олишга ҳаракат қилдик.

Эътирозларга ўрин қолдирмаслик учун Россиянинг Курган шаҳрида истиқомат қилувчи тиббиёт фанлари доктори, профессор, ўз соҳасининг устаси Юрий Солдатов билан ҳам қўнғироқлашдик.

«Июнь ойида Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган семинарда иштирок этдим. Марина Шунк исмли беморни консультацияга олиб келишди. Мен беморни текширганимда ҳеч қандай йиринглаш аломатини кўрмагандим. Шундай бўлса-да ўзимга яраша хулосаларим бор. Лекин бу тахмин, холос. Тавсияларимга кўра, баъзи бир таҳлиллар натижасини улар менга жўнатишлари лозим эди. Беморнинг оёқларида шиш бор эди. Агарда менга керакли таҳлиллар натижаларини жўнатишса, беморнинг ҳозирги аҳволи ҳақида батафсил тушунча бераман ва керакли муолажани тавсия қиламан», — деди профессор.

«Қизим жуда тушкун аҳволда. Мен она сифатида уни қўллаб-қувватлашимга қарамай ўзини анча олдириб қўйди. Оғриқ иккинчи оёққа ҳам ўтган, буни ўйлаб, мени ҳам ваҳима босади. Оёқлари ишламай қолса нима қиламиз? Неча ойдирки оёқдаги яра битмайди. Тинимсиз йиринг оқса яна биз айбдорми? Кўз ўнгимизда соппа-соғ фарзандимиз шифокорлар айби билан ногирон бўляпти. Индамай, раҳмат айтиб кетайликми? Инсоф борми?», — дейди Галина Шунк.

Аслида, кимнидир айбдор қилишдан осони йўқ. Шифокорларнинг наздида Марина Шунк ва унинг оиласи «шунча яхшиликлар ва берилган имтиёзларга қарамай» тинмай қоғоз қоралаб шикоятбозлик билан шуғулланаётган «фаол мурожаатчи». Хўп, шундай ҳам бўлақолсин. «Фаол мурожаатчимиз» тонгдан-шомгача ёзиш билан банд ҳам, дейлик. Унга кўрсатилган тиббий хизматнинг чеки-чегараси йўқдир... Аммо, бир ярим йилдан бери битмаётган жароҳат ва йиринг аралаш оқаётган қон натижасида иситма тушмаётгани, шифокорлар берган ташхисни диагностик аппаратлар инкор этаётгани ҳақиқат эмасми?

Марина Шунк қўли гул пазанда. У буюртмалар асосида пишириқ ва салатлар тайёрлаб, даромад топарди. Касаллик туфайли севган ишини ҳам давом эттира олмайди. Нафақадаги ота-она бемор фарзандини тўлиқ даволашга кучи етмайди. Маблағдан қийналишади. Яхшилаб ўйлаб қаралса «фаол мурожаатчи»мизнинг фаоллашувига сабаб «ношукрчилик» эмас балки, айрим тиббиёт ходимларига бўлган ишончнинг йўқолганида эмасми?

Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири

Top