15:29 / 16.08.2019
20563

ФХХ: Россияга 2019 йилнинг олти ойида 900 мингдан ортиқ ўзбекистонлик келган

Фото: Алексей Филиппов / РИА Новости

Россия федерал хавфсизлик хизматининг чегара хизмати 2019 йил бошидан буён мамлакатга ишлаш мақсадида келган хориж фуқаролари сонини маълум қилди, деб ёзади РБК.

ФХХ 2019 йилгача мамлакатга кираётган хорижликларни рўйхатга олишда статистика қўмитасининг 2000 йилдаги фармонига асосланарди. У «маънан эскирган», чегара статистикаси эса батафсил маълумот бермасди, чунки унда Россияга ишлаш мақсадида келганлар ҳақида маълумот берилмасди, дейди МДУ иқтисодий факультети аҳолишунослик иқтисодиёти лабораторияси мудири Ольга Чудиновских. Янгиланган ҳужжатда Россияга киришдан мақсади тўлдириладиган сатрда «иш» ва «ўқиш» сатрлари пайдо бўлди.

Шу билан бирга, чегара хизматидан олинган маълумотларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак, дейди у. Чегара статистикаси хориж фуқаросининг кириш-чиқиш фактини қайд этади. Агарда меҳнат мигранти чегарага яқин ҳудудда яшаса ва йил давомида чегарани ўн марта кесиб ўтса, чегарачилар ўн бирлик сифатида қайд этишади, деб тушунтирди Чудиновских. ИИВ миграция бошқармаси эса уни бир киши сифатида қайд этади, чунки меҳнат мигранти чегарадан ҳар сафар бир мақсадда ўтиб-қайтади. 

ФХХ маълумотида қандай рақамлар акс этган?

ФХХнинг маълумот беришича, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россияга 2,4 млн хорижлик ишлагани келган.  

Ишлаш учун келганларнинг аксарияти МДҲ мамлакатларидан. Бу борадаги биринчилик Ўзбекистонга тегишли – Россияга олти ой ичида 918 минг ўзбекистонлик ишлаш учун келган. Иккинчи ўринда эса Тожикистон — 523,9 минг киши, кейинги ўринларда Қирғизистон — 265 минг, Украина — 164,6 минг, Қозоғистон — 105,3 минг киши.

Январь—июнь ойларида Хитойдан 50,2 минг, Германиядан 10,8 минг, Туркиядан 10,2 минг, АҚШдан 3,7 минг ва Буюк Британиядан 4,3 минг киши ишлагани келган.

Росстатга кўра, 2019 йилда Россияга жами 4,9 млн киши келган, 4,8 млн киши кетган.

ФХХ статистикаси эса бир неча бараварга кўп — 32,6 млн киши келган, 32 млн киши тарк этган.

Top