Вазирлар Маҳкамасининг “Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Белгиланишича, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, юридик шахслар ер ости сувларига қудуқларни бурғилашга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, унинг асосий мақсади ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш фаолиятини олиб боришга рухсатнома бериш билан боғлиқ жараёнлар ва тартиботларни тартибга солиш, сувга бурғилаш ишлари амалга оширилишини ҳисобга олиш ва уларни назорат қилишни тартибга солиш ҳамда ер ости сув қатламлари сақланишини таъминлаш, биринчи навбатда, чучук ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймасликдир.
Рухсатнома Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан юридик шахсларга уларнинг мурожаатига асосан берилади.
Сувга қудуқларни бурғилаш ишларини асослаш учун зарур бўлган гидрогеологик хулоса фақат Давлат геология қўмитасининг гидрогеология корхоналари томонидан берилади.
Қуйидагилар учун:
жисмоний шахсларга чуқурлиги 25 (йигирма беш) метргача бўлган қудуқларни қазиш учун ва суткасига кўпи билан 5 (беш) куб метр ҳажмдаги ер ости сувларини шахсий эҳтиёжлар учун якка тартибда олишга мўлжалланганда (бунда қўлланиладиган асбоб-ускуналарнинг техник қуввати кўрсаткичлари асос қилиб олинади);
гидрогеология корхоналари учун ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш ишлари ҳар йилги минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида амалга оширилганда рухсатнома олиш талаб қилинмайди.
Рухсатноманинг амал қилиш муддати бурғилаш ишларини бажариш даврига, лекин бир йилдан ошмайдиган давр учун берилади.
Давлат хизматлари марказлари ва Давлат геология қўмитаси ўртасидаги ахборот алмашинуви идентификация қилиш воситаларини мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
Рухсатнома беришдаги асосий талаб ва шартлар қуйидагилар ҳисобланади:
мулкка эгалик ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқлар асосида ариза берувчига тегишли бўлган зарур техника ва ускуналарнинг мавжудлиги (бурғилаш ускунаси, каротаж станцияси ва компрессор ёки зарур техника ва ускуналарни ижарага олиш бўйича шартнома нусхаси);
давлат экология экспертизасининг хулосаси шартлари ва талабларини сўзсиз бажариш;
ер ости сувларига қудуқларни бурғилашда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонунчилик талабларига риоя қилиш;
гидрогеологик хулоса асосида тайёрланган ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш лойиҳасининг параметрларига риоя қилиш;
сув чиқариш тугаллангандан сўнг қудуқ сувининг талаб этиладиган сифат ва таркибга мувофиқлигини аниқлаш учун лаборатория таҳлилини ўтказиш;
қудуқ атрофи 1-поясининг санитария-ҳимоя зонасини жиҳозлаш (қудуқ ичимлик суви чиқариш ва балнеологик мақсадда бурғиланганда);
Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган ҳолларда эса ариза берувчи мустақил равишда мувофиқ шаклдаги аризани электрон равишда тўлдиради.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун буюртма берувчи ва ариза берувчи ўртасида тузилган шартнома ёки келишув нусхаси;
гидрогеологик хулоса;
давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси;
ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун лойиҳа ҳужжатлари;
ариза берувчининг техник имкониятлари ҳақида маълумот, мавжуд ускуналарнинг техник паспортлари нусхалари ёки зарур техника ва ускуналарни ижарага олиш бўйича шартнома нусхаси;
ариза берувчи тегишли мутахассисининг (гидрогеолог) диплом нусхаси.
Ариза берувчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.











