Жамият | 12:19 / 26.08.2019
6541
3 дақиқада ўқилади

Қонликўлда «Ёшлар маркази»ни қуриш ишлари ниҳоясига етди

Байрам яқин. Ҳар йили энг улуғ, энг азиз айём яхши янгиликлар, хушхабарлар, кўркам биноларнинг очилиш маросими-ю мустақиллик тенгдошларининг халқаро майдондаги нуфузли ютуқлари билан кириб келади. Қонликўл ёшлари ҳам бу йилги мустақиллик байрамини ўзгача интиқлик билан кутмоқда. Чунки яқиндагина туманнинг қоқ ўртасидаги «Ёшлар маркази»ни қуриш ишлари ниҳоясига етказилди.  Ҳозирда мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида бўлиб ўтадиган мазкур бунёдкорлик иншоотининг очилиш маросимига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу тарихий воқеликдан нафақат ёшлар, бутун туман аҳолисининг қувончи чексиз.

— Мен доим шу кўчадан ўтаётганимда кундан-кунга қаватма-қават кўтарилаётган "Ёшлар маркази"ни тезроқ битишини дуо қилардим. Тасаввуримда бу улкан бино билимли ёшларни тарбияловчи, болаларимизни ватанга керакли инсон бўлишига кўмаклашувчи мактабга ёрдамчи бўладиган маскан сифатида гавдаланарди. Ниятимиз тезроқ қутлуғ байрамимиз келса-ю, янги марказимиз очилса, –  дейди тумандаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Базагул опа Бобожонова.

Бугунги кунда Қонликўл туманида жами 50300 нафар аҳоли мавжуд бўлиб, шундан 25848 нафарини ўттиз ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, мазкур марказ ёшлар учун жуда муҳим ва зарур. У минглаб ёшларни турли хил тўгараклар атрофида бирлаштириб, истеъдодини юзага чиқаришда, касб-ҳунарга меҳр уйғотишда катта ўрин тутади.

Даставвал марказда 4 хил йўналишдаги тўгараклар фаолият юритиши режалаштирилган.  Инглиз тили, рус тили, математика ҳамда ахборот коммуникацион технологиялари тўгараклари шулар жумласидандир. Марказ тўгаракларга ўқувчи ёшларни жалб қилишни аллақачон бошлаб юборган.

Энг қувонарлиси "Ёшлар маркази"дан ахборот ресурс маркази ҳам ўрин олган. Қонликўлликлар ушбу кутубхонадан севимли китобларини олиб ўқишлари, турли бадиий асарлар юзасидан бўладиган адабий баҳсларда иштирок этиши мумкин.

—Туманимизда ёшлар учун чет тилларини чуқур ўрганишга бўлган эҳтиёж жуда юқори эди. Шунинг учун синфдошларим билан бирга рус тили тўгарагига қатнашиш учун рўйхатдан ўтдик, – дейди Сарвиноз Сафарбоева. —  Ўзим рус адабиётларини кўп мутолаа қиламан. Лермонтов, Пушкин – севимли адибларим. Уларнинг асарларини аслича ўқишда бироз қийналардим.  Ушбу тўгаракда тилни мукаммал ўрганиб, таржимага ҳам қўл урмоқчиман.

"Ёшлар маркази"нинг бунёд этилиши ёшларнинг қалбида мудраб ётган орзуларни уйғотиб юборди. Улар энди катта-катта мақсадлар билан яшашни бошлади. Ишонамизки, мазкур марказ ёшларнинг муваффақият уйига айланади.

Мавзуга оид