Ўзбекистон | 16:36 / 12.08.2021
10652
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда транспорт вазири ва ҳоким ўринбосари жаримага тортилди

Тадбиркорлар мурожаатларига вақтида жавоб бермаган Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири ва Қонликўл тумани ҳокими ўринбосари суд қарорига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бизнес-омбудсманнинг хабар беришича, Нукус шаҳри ва Қонликўл туманида фаолият юритувчи 2 тадбиркор томонидан йўлланган мурожаатларга қонунчиликда белгиланган муддатда жавоб бермаган мансабдор шахслар суд қарорига асосан жаримага тортилган. 

Маълум бўлишича, Нукус шаҳрида фаолият кўрсатувчи “Aвтотранс ХХХ” МЧЖ (номи ўзгартирилган) томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигига мурожаат юборилган, аммо мурожаат белгиланган муддатда кўрилмаган.

Худди шундай ҳолатга Қонликўл туманида фаолият кўрсатувчи “Green World” МЧЖ ҳам учраган. Жамиятнинг ер майдонини қайтариб бериш юзасидан мурожаати Қонликўл туман ҳокимлигига юборилган.

Қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорларнинг аризалари давлат органига келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Белгиланган муддатни бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига мувофиқ мансабдор шахсга нисбатан жарима солиш учун асос бўлади.

“Бизнинг амалиётимизда давлат органлари томонидан тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини бузиш ҳолатлари аниқланади.

Икки ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман томонидан Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири ва Қонликўл тумани ҳокимининг ўринбосарига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Натижада, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар ва Қонликўл тумани судларининг қарорлари билан юқоридаги мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланди”, — дейилади Бизнес-омбудсман хабарида.

Бизнес-омбудсманнинг Kun.uz’га маълум қилишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири ва Қонликўл туман ҳокими ўринбосари БҲМнинг 1 баробари миқдорида жаримага тортилган.

 

Мавзуга оид