Жамият | 08:42 / 26.08.2019
5882
2 дақиқада ўқилади

Урганчда ер ресурслари давлат кадастри бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Урганч шаҳрида Хоразм вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг янги, замонавий лойиҳа асосида барпо қилинган маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.

25 август куни ўтказилган тантанали очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, «Давергеодезкадастр» қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев, бошқарма ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар иштирок этишди.

Қайд қилиш жоизки, бу ташкилотнинг аввалги биноси ўтган асрнинг 30 йилларида қурилган, жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскириб, авария ҳолатига келиб қолган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 июндаги 420-сонли қарори асосида «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва унинг тизимидаги ташкилотларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимларга меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Хоразм вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг янги биносини барпо қилишга 5 миллиард сўм сарфланди.

Бино халқаро стандартларга тўла мос келадиган ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, ёруғ ва кенг хоналар, фуқаролар учун қулай кутиш хоналарига эга. Мижозларни қабул қилиш учун зарур жиҳозлар билан тўлдирилган, ҳужжатлар мавжуд бўлган алоҳида хоналар кузатув камераси билан таъминланган. Соҳа ходимлари учун замонавий компьютер ва бошқа техникалар, тез ишловчи оптик толали интернет ва бошқа қулайликлар мавжуд.

2020 йилга келиб Хоразм вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг Гурлан, Хива, Янгиариқ туманлари ва Питнак шаҳар бўлимлари учун ҳам янги маъмурий бинолар қурилиш режалаштирилган.

Нурмуҳаммад Саид

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид