Солиқлар сонини камайтиришдан ташқари, Солиқ кодексининг янги таҳрири инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган, деб ёзмоқда Norma.
  
Тақдим этилган лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ солиқ қонунчилиги нормаларининг қўлланиши максимал даражада соддалаштирилган. Бунинг учун:

• солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар сони қисқартирилган;
• бозорлар, қишлоқ хўжалиги товарларини ишлаб чиқарувчилар, адвокатлик бюролари ва фирмалари, шунингдек гастроль-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар учун махсус солиқ режимлари бекор қилинган. Соддалаштирилган солиқ режимларининг умумий сони 3 тадан 1 тагача камайган;
• давлат божи, айрим турдаги товарларни (алкоголли маҳсулотлар) сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар тўланишини тартибга солувчи бўлимлар Солиқ кодекси таркибидан чиқарилган;
• Солиқ кодексидаги моддалар сони кўпайган, солиқларни тартибга солишдаги камчиликлар бартараф этилган, қўлланиладиган атамалар янада тўлиқ тушунтирилган. Бу уларни амалиётда қўллаш чоғида низоли вазиятлар сони камайишига олиб келади.
 
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларнинг аксарият қисми инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтиришга йўналтирилган. Хусусан:

• солиқнинг “манфий” суммасини бюджетдан қоплаш ҳисобига қўшилган қиймат солиғининг тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига таъсирининг “нейтраллаштирилиши” таъминланди, бу қўшимча бюджет харажатларини талаб этади. Шунингдек, асосий восита объектларини, шу жумладан кўчмас мулк объектларини харид қилиш (барпо этиш) чоғида ҚҚСнинг бир йўла ҳисобга олиниши жорий этилмоқда. Айни пайтда у тенг улушларда кетма-кет келувчи 12 ой давомида, кўчмас мулк объектлари бўйича эса 36 ой давомида амалга оширилмоқда;
• солиқ тўловчилар технологик асбоб-ускуналарни ёки кўчмас мулк объектларини харид қилишда бир йўла амортизация чегирмалари қила оладилар;
• фойда солиғи бўйича аванс тўловлари юзасидан маълумотномалар бекор қилинмоқда. Аванс тўловларини фақат йирик солиқ тўловчилар ҳисоблайди;