Шу йилнинг 25 август куни Тошкент шаҳрига янги бош имом-хатиб тайинланди.

Унга кўра, шу пайтга қадар Андижон вилоят бош имом хатиби сифатида ишлаб келган Нуриддин домла Холиқназаров ушбу вазифада иш бошлади.

Kun.uz янги режа ва мақсадлар ҳақида эшитиш, қайсидир маънода яқиндан танишиш мақсадида пойтахтнинг бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров билан суҳбат ташкил қилди.

Ассалому алайкум домла, аввало масъулиятли вазифа билан табриклаймиз ва омад тилаймиз.

- Домла, эндиликда катта бир ҳудудда иш бошлаяпсиз ва шахсий фикрингизни сўрамоқчиман, бугунги кунда жамият ҳаётида диннинг ўрни қай даражада деб ҳисоблайсиз?

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, бир неча кун аввал мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб қилиб тайинландим. Бу мен учун кутилмаган бир хабар бўлганини айтиб ўтмоқчиман. Муфтий ҳазратлари йиғилиш қилиб, эълон қилганларида буни ўзим ҳам ҳайрат ва ажабланиш билан қабул қилдим.

Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан менга диний ходим ўлароқ Тошкент шаҳрида хизмат қилишлик бахти насиб этган экан, мен энг аввало Аллоҳдан мазкур хизматимда ўзи ёрдамчи бўлишини тилайман.

Бу албатта, жуда масъулиятли ва шарафли вазифа, унинг масъулиятини мен қалбан ҳис қилиб турибман.

Ислом дини ота-боболаримиздан, қон-қонимизга сингиб кетган Аллоҳнинг катта неъмати. Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамиз асл фитрат ила мусулмон бўлиб дунёга келамиз, сўнг қулоқларимизга азон ва иқомат айтилади.

Ота-боболаримиз заминимизга Ислом дини кириб келгандан сўнг то ҳозирга қадар уни сақлаш учун кўп жонфидоликларни, истилоларни кўрди. Бу истилоларда диний уламоларимиз ҳам кўпгина қийинчиликларни кўришди. Жумладан, Собиқ иттифоқ замони, даҳрийлик даврида «Дин – афюндир» деган шиор билан катта йўқотишларни кўрдик.