3 сенятбрь куни Британия парламенти кичик таътилдан сўнг ўз фаолиятини тиклади. Таътилдан қайтган парламент ўз ишини янги сайланган бош вазирнинг имкониятларини чеклаш билан бошлади. «Брексит»ни бир ёқлик қилиш учун ҳукумат раҳбарлигига сайланган Борис Жонсон ўзи хоҳлаганидек «кескин брексит»ни қўллай олмайдиган бўлди, чунки парламент буни чеклаб қўйди.

Парламент 328 га 301 нисбат билан ҳукуматдан парламентнинг кун тартибни белгилаш ҳуқуқини олиб ташлашни ёқлаб овоз берди. Бу парламентга Европа Иттифоқидан бирданига чиқиб кетиш, яъни «кескин Брексит»ни чеклаш борасида қонун чиқариш имконини беради. Борис Жонсон эса парламентга таҳдид қилишга ҳам улгурди. У депутатлар «Брексит»ни яна ортга сурадиган бўлишса, муддатидан аввал парламент сайловларини бошлашга ваъда берди. 

Британия тарихида кўплаб инқирозлар бўлган, аммо ВВС’нинг ёзишича, бу қадар чигал ҳолат аввал кузатилмаган: ҳукумат қарор қабул қилиши керак (яъни «Брексит» борасида), аммо мустақил қарор қабул қила олмайди. Парламент ҳукуматдан қарор қабул қилиш ҳуқуқини олиб қўймоқчи. Бош вазирни парламентда кўпчилик қўлламаяпти, судлар парламент фаолиятини тўхтатишнинг қонунийлигини ўрганмоқда, «бонус»ига Шотландия ва Шимолий Ирландия мустақиллик учун референдумга тайёрланмоқда. Британия Европа Иттифоқидан тезроқ чиқиб кетиш ўрнига ўзининг ички можаролари билан ўралашиб қолган. Хуллас, ҳаммаси боши берк кўчага кириб қолган.

Британия 31 октябрь куни Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши керак, бу чиқиш қай тартибда амалга ошиши эса ҳамон аниқ эмас. Агар кўпчилик янги муддат учун овоз берса, бош вазир навбатдан ташқари парламент сайловларига «старт бериши» мумкин. Қиролликнинг Европа Иттифоқида қолиши бўйича қайта референдум ўтказиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Борис Жонсоннинг айтгани бўлса, 31 октябрь куни қироллик ЕИни ҳеч қандай келишувсиз тарк этади ва «кескин Брексит» амалга ошади. Бу ҳолатда Европа Иттифоқи Бирлашган Қиролликдан ҳаққини талаб қилишни бошлайди. Яъни, Британия ҳар қанақасига катта харажатлар остонасида турибди.

Борис Жонсон имкон борича Европа Иттифоқидан «мулойимроқ» (ҳамма келишувларда бир тўхтамга келиб) чиқиб кетишни хоҳламоқда, аммо бундай бўлмаса, Жонсон «кескин Брексит» амалга ошишига эришмоқчи. Энг қизиғи, парламент Жонсон бу ишни қила олмаслиги учун махсус қонун чиқармоқчи (ҳавас қиларли даражада демократия ва қонун устуворлиги, шундай эмасми?).

Британия парламентида Жонсонга қарши «исён» кўтарилган деса ҳам бўлади. Бош вазир «Брексит»ни секинлаштираётган бундай исёнкорларни овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқчи, аммо бош вазирнинг рақиблари чекинмоқчи эмас. Консерваторларнинг ичида ҳам бош вазирга қаршилар кўплигини инобатга олсак, Жонсон ҳукумат раҳбарлиги номидан қуруқ қолиши ҳам ҳеч гап эмас.