Қирғизистон илк бор коинотга ўз миллий сунъий йўлдошини учирди. Парвоз 2026 йил 1 октябрда Калифорниядаги АҚШ Космик кучларининг Ванденберг базасидан амалга оширилди. Сунъий йўлдош SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетасида учирилди.
Қурилма орбитага битта ракета томонидан етказилган 130 га яқин космик аппаратлар гуруҳи таркибида чиқди. Учириш маросимида АҚШда амалий ташриф билан бўлиб турган президент Садир Жапаров иштирок этди.

Президент администрациясидан маълум қилишларича, лойиҳа Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилган. Сунъий йўлдош Бишкекдаги марказдан бошқарилади.
Сунъий йўлдош нимага керак?
Коинотдан олинган маълумотлардан, биринчи навбатда, мамлакат ҳудудини кузатиш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда. Сунъий йўлдош қуйидагиларнинг ҳолатини кузатиб боради:
- қишлоқ хўжалиги ерлари ва яйловлар;
- музликлар ва сув объектлари;
- ўрмонлар ва табиий экотизимлар.
Бундан ташқари, космик суратлар ер қаъридан ноқонуний фойдаланиш, рухсат этилмаган чиқиндихоналар ва бошқа ифлосланиш манбаларини аниқлашга ёрдам беради. Улар, шунингдек, қурғоқчилик, сув тошқинлари, кўчкилар, селлар ва ўрмон ёнғинлари каби табиий хавф-хатарларни баҳолаш учун қўлланилади. Президент администрациясида таъкидланишича, бу таҳдидларни тезроқ пайқаш ва эҳтимолий зарарни камайтириш имконини беради.

Расмийларга кўра, сунъий йўлдош маълумотлари суперкомпютер технологиялари билан биргаликда иқтисодиёт ва табиий ресурсларни янада аниқроқ бошқариш учун асос бўлади. Орбитадан олинган маълумотлардан давлат миқёсидаги қарорларни қабул қилиш, инвестицияларни режалаштириш ва давлат дастурларини назорат қилишда ҳам фойдаланиш режалаштирилган.
Маълумотнома








