Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектларининг ҳисобланган қийматини кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
 
Ҳужжат Президентнинг 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармони ижроси юзасидан қабул қилинган ва лойиҳа-смета ҳужжатларига (ЛСҲ) ўзгартиришлар киритилганда қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш объектлари қийматини аниқлаштириш ва молиялаштириш бўйича хулосаларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш механизмини белгилайди.
 
Низом ҳар йили тасдиқланадиган Инвестиция дастури (2020 йилдан – 3 йил учун қабул қилинади) доирасида марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш  объектларига нисбатан татбиқ этилади.
 
Унинг натижасида қуйидагиларнинг нархи ошиб кетадиган ЛСҲларига ўзгартиришлар киритиш (асосли равишда лойиҳа ечимларини яхшилаш, шунингдек, ишлаб чиқилган лойиҳада илгари йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш мақсадида) масалалари кўриб чиқилади:

• тендерлар ёки танловлар натижалари бўйича аниқланган шартнома қиймати (йилдан йилга ўтувчи объектларнинг қолдиқ қийматини қайта ҳисоблаб чиқиш ҳолатларидан ташқари, давлат экспертиза органларининг тегишли хулосаси асосида объектнинг физик иш ҳажмлари, бошқа ишлаб чиқариш харажатларини аниқлаштириш, фойдаланиладиган ресурсларни ўзгартириш ҳамда лойиҳани тузатиш);

• бош пудратчи ташкилотнинг Президент ёки Ҳукуматнинг қарорларига кўра белгиланган объектлар бўйича смета қиймати (йилдан йилга ўтувчи объектнинг қолдиқ қийматини қайта ҳисоблаб чиқиш, шунингдек, объектнинг физик иш ҳажмларини, бошқа ишлаб чиқариш харажатларини аниқлаштириш ҳамда лойиҳани тузатиш, фойдаланиладиган ресурсларни ва уларнинг нархларини ўзгартириш).
 
Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомили
 
Объект қийматининг ошиши асосланганлигини кўриб чиқиш учун вазирликлар ва идоралар, вилоятлар ҳокимликлари, давлат корхоналари (ташаббускорлар) бир вақтнинг ўзида:

• қурилиш, молия ҳамда иқтисодиёт ва саноат вазирликларига;
• чет эл кредитлари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича - Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига мурожаат этади.