Ўзбекистон | 16:00 / 11.09.2019
23884
2 дақиқада ўқилади

«Контракт аслида таълим харажатини тўлиқ қоплаши керак. Лекин ҳозир 68 фоизини қоплаяпти холос» ─ Вазир ўринбосари

10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган «2019 йилда олий таълим муассасаларида тўлов контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилиши» мавзусидаги матбуот анжуманида Олий таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов талабалар тўлайдиган контракт харажатларни қоплашга етмаслиги ҳақида гапирди.

Вазир ўринбосарининг қайд этишича, 2019 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб олий таълим муассасалари учун тўлов-контракт миқдори 18 фоизга оширилди. Ва бу қиймат камайтирилмайди.

«Белгиланган шартларга кўра талабалар тўлайдиган контракт таълимга кетаётган харажатни тўлиқ қоплаши керак. Лекин ҳозир харажатларнинг 68 фоизини қоплаяпти, холос. Қолган қисми эса олий таълимда кадрлар тайёрланишидан манфаатдор бўлгани учун давлат бюджетидан қопланмоқда. Лекин давлат даромадининг ҳам чеки бор. Агар контракт нархи камайтирилса, чегирма ҳисобидаги бўшлиқни тўлдириш ҳам давлат бюджети ҳисобига тушади. Лекин бюджет ҳам халқдан олинадиган пул ҳисобига тўлдирилади-ку?», дея Бузрукхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, вазир ўринбосари қатъийлаштирилган стипендия миқдори нега айнан 400 минг сўмлигига изоҳ берди.

«Ўзбекистонда талабаларнинг 62 фоизи 3 баҳога ўқийди. 3 баҳо учун 374 минг сўм стипендия белгиланган. Уни яхлитлаб, 400 минг сўм қилиб олдик. Чунки кассир ҳам камини бера олмай қолиши, у ҳам бир жиноятни бошлаши мумкин. 600 минг қилиб қўйсак, кимгадир малол келиши мумкин», дея бу қийматни изоҳлади Бузрукхонов.

Унинг сўзларига кўра, стипендиянинг қатъийлаштирилган миқдорини белгилашда талабалар, ректорлар кенгаши билан муҳокама қилинган, олий таълим муассасалари билан келишилган.

«Олий таълим муассасаси раҳбарларининг фикри ҳам жамоатчилик фикрини беради. Биз талабаларнинг ҳам фикрини олдик», дея таъкидлайди Бузрукхонов. 

Мавзуга оид