Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддасини қўллаш ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддасининг учинчи қисмига асосан ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.
Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 90-моддаси учинчи қисмини қўллашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунларига асосан, ижро этувчи ҳокимият органларига қуйидагилар киришига эътибор қаратадилар:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши;
вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари девони (аппарати) тузилмасига кирадиган бўлинмалар;
давлат бошқарув органлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги № ПФ-3358-сон “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони иловасида санаб ўтилган давлат бошқарув органлари, ушбу органлар тузилмасига кирувчи ҳудудий бўлинмалар;
ўзлари тўғрисидаги низомларда давлат бошқаруви органи сифатида мақоми мустаҳкамланган давлат органлари ва уларнинг тузилмасига кирувчи ҳудудий бўлинмалар.
Давлат бошқаруви органларига ушбу органлар бўйсунувидаги давлат корхоналари ва муассасалар ҳокимият ваколатларига эга эмасликлари боис, ҳокимият ижроия органлари таркибига кирмайдилар. Масалан, Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш ва даволаш-профилактика муассасалари, Адлия вазирлиги тизимидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва бошқалар.
Мансабдор шахслари депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинадиган ижро ҳокимияти органлари Рўйхати тасдиқланади.











