20 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Тараққиёт стратегияси» марказида Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида «Қонунчиликдаги янгиликлар» матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори тўғрисида ҳам соҳа вакиллари томонидан маълумот берилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Машанпин журналистларнинг мазкур тартибга оид саволларига атрофлича жавоб қайтарди.

— Ушбу тизимни йўлга қўйишдан мақсад нима? Мобил қурилма фойдаланувчиларига қанчалик аҳамияти бор?

— Мазкур янги тартиб тўлиқ йўлга қўйилгач, фуқаролар учун қатор афзалликлар туғилади. Аввало, мамлакат ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келаётган мобил алоқа воситалари савдосига чек қўйилади. Иккинчидан, фойдаланувчиларнинг шахсий телефонини йўқотиш ёки ўғирлатиш ҳолатлари анча камайиб, келгусида ўғирланган алоқа воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш ҳамда фош қилиш бирмунча осонлашади.

ИИВ берган маълумотга асосан, охирги уч йил давомида содир этилган қонунбузарлик ёҳуд ўғирлик ҳолатининг ҳар учинчисида мобил телефоннинг йўқотилиши ёки уни зарар кўриши билан боғлиқ фактлар мавжуд.

Учинчидан, республикамизга сифатсиз мобил қурилмаларни ноқонуний йўл билан кириб келиши бартараф этилса, фойдаланувчилар саломатлигига зарар етиш ва алоқа хизматларининг сифати тушиши каби муаммолар кузатилмайди.

Тўртинчидан, харидорлар учун алоқа воситасини сотиб олиш пайтида унинг мақомини текширишга, маҳсулот сифати кафолатлилигини билиб олишга имкон яратилади. Бешинчидан, контрабанда ва контрафакт абонент қурилмаларининг ноқонуний савдосини чеклаш ҳисобига Ўзбекистон телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳити ривожланади.

— Рўйхатдан ўтказиш жараёни неча босқичда амалга оширилади?

— Мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёни уч босқичда ўтказилади:

Илк босқич — шу йилнинг 1 апрелидан бошланган ва бу 1 ноябрга қадар давом этади. Унда барча мобил алоқа терминаллари автоматик тарзда бепул, фойдаланувчиларнинг иштирокисиз, фақатгина алоқа операторлари томонидан UZIMEI базасига ўтказилмоқда.