Ўзбекистон | 17:36 / 24.09.2019
61909
3 дақиқада ўқилади

UzAuto янги моделлари GM билан бир хил вақтда ишлаб чиқилади – Шавкат Умурзоқов

Шавкат Умурзоқов / Фото: KUN.UZ

Эндиликда, янги моделларни ўзлаштириш GM глобал тармоғи билан баробар амалга оширилади. Хусусан, янги моделларни йиғишни режалаштираётган GM платформасида 5та модел ишлаб чиқариш мумкин. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов Kun.uz мухбирига маълум қилди. Унинг айтишича, Бу автомобиллар таннархига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. 

«Янги моделлар нима дегани? Бу битта янги платформа дегани. Шу вақтгача UzAuto томонидан ишлаб чиқилган моделларнинг ҳар бири алоҳида шассида – платформада ишлаб чиқилган. Яъни бир платформада атиги 20-30 минг автомобиль ишлаб чиқилгани унинг таннархига таъсир кўрсатган. Энг ёмон томони бизда ишлаб чиқилган моделлар дунёнинг бошқа мамлакатида ишлаб чиқилмаган. 

Бундан ташқари, сир эмас, автомобиллар нархини туширишга таъсир қилувчи омиллардан бири бу ҳажмдир. Бизда ишлаб чиқариш ҳажми катта бўлмаган. Шу вақтгача, бизда бир моделдан 30 мингтагача ишлаб чиқилган. Бу рақам, ҳозирда, 50 мингтага етказилди. Бу ва бошқа сабаблар, масалан, коррупция ҳолатларини йўқотиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида автомобиллар нархи бир хил сақланиб турибди. 

Бундан буёғига янги моделларни ўзлаштириш GM глобал тармоғи билан баробар амалга оширилади. Мисол учун, биз янги моделларни йиғишни режалаштираётган GM платформасида 5та модел ишлаб чиқарса бўлади. Биз, ҳозирча, унда 3та модел ишлаб чиқарамиз. 5та моделни 3-5 йилдан сўнг facelifting (ташқи кўринишини ўзгартириш) орқали яна 5та моделга янгилаш мумкин. Айтмоқчи бўлганим, бир платформа билан 10 хил кўринишдаги автомобиль ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. 

Эътиборли томони, бу моделларнинг 40-50 фоиз эҳтиёт қисми бир хил дегани. Масалан, Ўзбекистонда 300 минг автомобиль ишлаб чиқилса, тасаввур қилинг, унинг 150-200 мингтасининг эҳтиёт қисми бир хил. Яна бир яхши томони, GM ушбу моделлардан дунё бўйлаб 2 млн донадан сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳам маҳаллийлаштириш имкони бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан маҳаллийлаштириш ўзини оқламайдиган бутловчи қисмлар таннархи ҳам арзонроқ бўлишини кафолатлайди», - деди «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов. 

Унинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа ўзбек автомобилсозлиги ривожи ва тараққиётига катта ҳисса қўшади. Шавкат Умурзоқов, шунингдек, ягона платформа лойиҳасига изоҳ бериб кетар экан, бутун дунёдаги йирик автомобилсозлик компаниялар битта платформада бир нечта модель ишлаб чиқишни йўлга қўяётганини қайд этди. 

Мавзуга оид