Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим, инновацион тадқиқотлар ҳақида турли соҳа олимлари билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз ЎзФА Зоология институти директори Биология фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Холматов бўлди.

Суҳбат давомида республикамиз фаунаси ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар, турли зараркунанда ҳашаротлар, жумладан, термитлар ва зарарларига қарши курашиш борасида қилинаётган тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Зоология институти бугунги илмий фаолияти, илмий изланишлар ҳақида сўзлаб берсангиз?

— Зоология институти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Зоология институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3256-сонли қарори билан ташкил этилди.

Институт илмий фаолияти қуйидаги йўналишларни қамраб олади:

  • республика фаунасини комплекс тарзда ўрганиш, ҳайвонот дунёси объектларининг замонавий ҳолатини баҳолаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • республика фаунасининг миллий ахборот-таҳлилий маълумотлар базасини ишлаб чиқиш ва юритиш, ёввойи ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган турлари бўйича давлат кадастри, Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби ва ҳайвонот дунёси мониторингини юритиш;
  • зараркунандалар, паразитлар ва бошқа биозараркунандалар сонини назорат қилишнинг инновацион технологияларини ишлаб чиқиш.

Зоология институти жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида сезиларли натижаларга эришди. Хусусан, Тошкент вилояти умуртқали ҳайвонлари фаунаси мониторингини ўтказиш учун 18та муҳим худуд аниқланди, экотизимларнинг оригинал харитаси яратилди. Қуруқлик умуртқали ҳайвонлари фаунаси бўйича электрон маълумотлар базаси ва библиографик рўйхати тузилди.

Самарқанд вилоятининг қатор туманларида визуал текширув ва аҳолидан анкета –сўровнома тарзида олинган маълумотлар асосида 14 тур умуртқали камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турлари хақида маълумотлар йиғилди ва маълумотлар базасига (судралиб юрувчилардан 2 тур, қушлардан 10 тур, сут эмизувчилардан 2 тур) киритилди.

Тунги фаол ҳаёт кечиришга ихтисослашган япалоқ қушларнинг шимоли-шарқий районларда тарқалиши, сони, уялашда иштирок этаётган қушлар миқдори аниқланди. Илк бор қулоқдор япалоққуш уялаш жойлари топилди. Япалоққушларнинг кемирувчилар билан озиқланиб, қишлоқ хўжалигида аҳамиятли экани очиб берилди.