Kun.uz вакиллари «Раҳбар билан бир кун» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонованинг бир иш кунига гувоҳ бўлди.

Маълум бўлишича, қўмита раиси иш кунини соат 8:20да бошлаб, анча кеч якунлайди.

«Бугунги кун бошланишидан аввал, кечаги иш кунимиз соат 23:30да тугаганини ҳақида гапирмоқчи эдим. Соат 00:00да уйга келдим. Давлатимиз раҳбарининг талаблари бу – яъни, хоналарда, креслоларда ўтириб ҳаракат қилиш бугунги кунга умуман тўғри келмайди. Бугунги кунда қилаётган ишларимиздан самара деярли бўлмаслиги ёки жуда ҳам паст бўлишининг яна бир муҳим сабаби бу – ҳамкорликда ишлашни билмаймиз.

Биз, мабодо қандайдир хатолик бўлиб қолса, унга ким жавоб беради, деган қўрқув билан қилинган ишлардан воз кечиш ҳолатимиз ҳам бўлади. Ёки бўлмаса, ютуқ бўлса, бу фақат менинг ютуғим, бунда унинг иштироки йўқ деб, ҳамкорларни ҳам писанд қилмай, ўзимизнинг ютуғимиз дейилганидан ҳамкорлик ҳолатлари бузилишига сабаб бўляпти», – дейди Боситхонова.

Лойиҳа тасвирга олинган кун чоршанба, яъни қўмита раисининг қабул куни эмаслигига қарамай, Элмира Боситхонова мурожаат билан келганлар борлиги, уларни қабул қилиши кераклигини айтди. Шундан сўнг фуқаролар мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаётган масалалар юзасидан қўмита ваколати доирасида кўрсатмалар, ҳал қилиш бўйича эса юристга топшириқлар берилди.

9:30. Ҳудудий қўмиталар раҳбарлари билан кундалик мулоқот бўлиб ўтди. Бу сафар Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон вилояти хотин-қизлар қўмиталари раисларининг тизимдаги турли масалалар юзасидан фикрлари тингланиб, уларни ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Сўнг «Хотин-қизлар қўмитасининг энг намунали бошланғич ташкилоти» кўрик танлови республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этиш учун Ёшлар иттифоқи биноси томон йўл олдик. Йўл-йўлакай раис жамиятдаги турли долзарб масалалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бугунги кунда глобализация таъсири натижасида маҳалланинг мавқейи бироз пасайди. Маҳалла-кўйда юзимни ерга қаратдинг, деган сўзлар аввал эшитиларди. Чунки маҳалладаги тартиблар билан ҳисоблашиш масалалари аввал юқорироқ эди», дейди у.