Ўзбекистон | 10:05 / 06.10.2019
13609
2 дақиқада ўқилади

«Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Fotolia

«Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида белгиланишича, давлат молиявий назорати деганда – бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларини аниқлаш мақсадида молиявий назорат объектларининг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда таққослаш тушунилади.

Қуйидагилар – Ўзбекистон Республикаси республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, бюджет маблағларини тақсимловчилари, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, низом жамғармасида (низом капиталида) давлат улуши 100 фоиз бўлган ташкилотлар, давлат мақсадли жамғармалари, белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар давлат молиявий назорат объектлари ҳисобланади.

Қонун билан Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ваколатли органлар давлат молиявий назорат органлари деб белгиланиши кутиляпти. Бу органларнинг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисобот ОАВда эълон қилиниши шарт.

Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида бевосита Президентга бўйсунади; Президентга, шунингдек Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.

Молия вазирлиги эса, ўз фаолиятида бевосита Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.

Давлат молиявий назорати стандартлари Ҳисоб палатаси томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

Шунингдек, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромадлари қисми бўйича давлат молиявий назорати берилган ваколатлар доирасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Лойиҳага кўра, давлат молиявий назорати органлари мансабдор шахслари давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳамда ўзга ташкилотларда бошқа лавозимларни эгаллашга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмас.

Мавзуга оид