Ўзбекистонда магистрал газ қувурларидан фойдаланиш муддати, шартлари ва меъёрлари масалаларига оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган, қувурлар диагностикаси тўлиқ ўтказилмаяпти. Натижада «Ўзтрансгаз» тасарруфидаги магистрал газ қувурларининг 68 фоизининг техник ҳолати маълум эмас.

Боз устига, мавжуд 13 минг км магистрал газ қувурларининг 11,5 минг километри 20 йилдан кўпроқ муддатдан буён фойдаланиб келинмоқда.

Сенат ялпи мажлисида маълум қилинишича, газ қувурларида жиддий авариялар содир бўлаётгани юқоридаги фактлар билан изоҳланади.

«Масалан, 2014 йил 13 июлда «Ховост-Фарғона» магистрал газ қувурида содир бўлган аварияда 4 нафар фуқаро тан жароҳатлари олган ва уларнинг 2 нафари вафот этган. Ёки, фақат жорий йилда магистрал газ қувурларида 4 марта турли авариялар, яъни портлаш, ёнғин ва бахтсиз ҳодисалар содир бўлган», – деди сенатор Бойматжон Расулов.

Унинг сўзларига кўра, ушбу фавқулодда ҳолатлар қувурларнинг яроқсиз ҳолга келиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги туфайли келиб чиққан. Авариялар натижасида йўқотилган газ ҳисобига давлатга 1,5 млрд. сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Сенат аъзоси келтирган рақамларга кўра, «Ҳудудгазтаъминот» АЖга қарашли жами 88.731 километр, шу жумладан кўп қаватли уйлардаги газ қувурларининг 20.373 километри 10 йилгача, 25.865 километри 10 йилдан 20 йилгача, 42.493 километри 20 йилдан 30 йилгача ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда. Уларнинг ҳам техник ҳолатини диагностика қилиш ишлари амалда тўлиқ бажарилмай келмоқда.

«Иккинчидан, аҳолининг ҳаёти ва мол-мулки, атроф муҳит, турли объектлар, газ қувурлари ҳамда ускуналари хавфсизлигига жиддий таҳдидлардан яна бири – магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида ноқонуний қурилмаларнинг мавжудлигидир.

2019 йилнинг 1 июль ҳолатига ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмалар жами 2.063 тани ташкил қилиб, уларнинг 879тасини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласида судларга киритилган даъво аризаларининг 810 таси қаноатлантирилган ва атиги 35 тасининг ижроси таъминланган.

Ҳимоя зоналаридаги ноқонуний қурилмаларни ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, уларнинг аксарияти Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах ва Навоий вилоятларига тўғри келади. Таъкидлаш лозимки, ноқонуний қурилмаларнинг сони ўтган бир йилда камайиш ўрнига 67 тага кўпайган.

Учинчидан, истеъмолчиларга тегишли, шу жумладан кўп қаватли уйлардаги газ қувурларининг носозлиги, автоматик созлаш, назорат қилиш асбобларига эга бўлмаган иситиш мосламаларидан фойдаланиш, иситиш мосламалари, дудбўронлар ва шамоллатиш каналларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаслиги натижасида фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар рўй бермоқда.