Иқтисодиёт | 13:33 / 16.10.2019
33927
4 дақиқада ўқилади

Миллий валюта девальвацияси аҳолининг жамғариш кайфиятига ҳам таъсир кўрсатди - МБ

Фото: KUN.UZ

Миллий валюта девальвацияси аҳолининг жамғариш кайфияти ва фаоллигига ҳам таъсир кўрсатди. Бу ҳақда Марказий банкнинг девальвациянинг (муомаладаги қадрсизланган қоғоз пулларни бекор қилиш ёки қийматини тушириш - таҳ.) жисмоний шахслар депозитларига таъсири ҳақидаги маълумотида айтилади.

Қайд этилишича, 2019 йилнинг июль-август ойларида ички ва ташқи омиллар таъсирида хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиши кузатилган ва натижада миллий валюта девальвацияси тезлашган. 2019 йил январь-июль ойларида АҚШ долларининг алмашинув курси 4 фоизга (1 долларга 8 336 сўмдан 8 667 сўмгача) ошган ва ўртача ойлик ўсиш суръати 0,6 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида валюта курсининг кескин ўсиши (8,2%) кузатилган. Сентябрь ойига келиб, долларнинг алмашинув курси ўзининг аввалги тенденциясига қайтди ва ойлик ўсиш суръати 0,5 фоизгача пасайди.

“Миллий валюта девальвацияси аҳолининг жамғариш кайфиятига ва фаоллигига ҳам таъсир кўрсатди. Хусусан, Марказий банк томонидан ўтказиладиган ойлик сўров натижалари шуни кўрсатадики, 2019 йилнинг июнь-сентябрь ойларида омонатларини хорижий валютада (шу жумладан, АҚШ долларида) сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши кўпайган”, - дейилади МБ маълумотида.

Таъкидланишича, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи респондентлар улуши май ойидаги 19 фоиздан август ойида 33 фоизгача, хорижий валютадаги омонатларда сақлашни афзал кўрувчилар улуши эса май ойидаги 17 фоиздан сентябрда 24 фоизгача ошди. Сентябрь ойида валюта курси барқарорлашганидан сўнг, жамғармаларини нақд АҚШ долларида сақлашни афзал кўрувчи сўров иштирокчилари улуши 33 фоиздан 29 фоизгача пасайган.

“Қисқа муддатли инфляцион ва девальвацион кутилмаларнинг ўсишига қарамай, миллий валютадаги депозитларнинг кескин камайиши ёки таркибий ўзгаришлари рўй бермади. Бунда, ўсиш суръати пасайган бўлса-да, депозитларнинг ижобий динамикаси сақлаб қолинди”, - дея давом этади Марказий банк.

Сентябрь ойи давомида жисмоний шахсларнинг муддатли ва жамғарма омонатлари улуши 3 фоиз бандга ошган ва 2019 йил 1 октябрь ҳолатига жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги жами омонатлари қолдиғининг 72 фоизини ташкил этган. Миллий валюта девальвацияси миллий валютадаги муддатли ва жамғарма омонатларининг улушини сезиларли даражада ўзгартирмагани айтилади.

Билдирилишича, сўнгги икки ойда миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалар ўсувчи тенденцияга эга бўлган. Жорий йилнинг август-сентябрь ойларида жисмоний шахсларнинг муддатли омонатлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставка 1,0 фоиз бандга ошиб 18,8 фоизга, юридик шахсларнинг муддатли омонатлари бўйича эса 0,8 фоиз бандга ошиб, 16,7 фоизга тенг бўлган.

Сентябрь ойида хорижий валютадаги муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалар деярли ўзгаришсиз қолиб, жисмоний шахсларнинг депозитлари бўйича 4,5 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 4,9 фоизни ташкил этди.

“Марказий банкнинг инфляцион кутилмалар тўғрисидаги навбатдаги ҳисоботида келтирилганидек, жамғармаларни миллий валютадан хорижий валютага ўтказиш бўйича маълум кайфият шаклланганлиги ҳақидаги хулоса амалиётда ўз аксини топмади. Бу, биринчи навбатда, тижорат банкларининг миллий валюта курси қадрсизланишига бозор тамойилларидан келиб чиқиб, миллий валютадаги омонатлар бўйича фоиз ставкаларини ошириш орқали муносабат билдирганликлари билан изоҳланади”, - дея якунланган маълумот.

Мавзуга оид