2026 йил 15 сентябрдан бошлаб ички валюта бозорида валюта алмашув курсини шакллантириш ва эълон қилиш амалиёти такомиллаштирилади, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки.
Эндиликда Марказий банкнинг расмий валюта алмашув курслари фақат валюта биржасидаги битимлар асосида эмас, балки банклараро биржадан ташқари бозорда тузилган битимларни ҳам инобатга олган ҳолда ҳисобланади.
Хусусан, расмий курс биржа ва биржадан ташқари тузилган битимларнинг ўртача тортилган курси асосида шакллантирилади. Бу эса расмий алмашув курсини ҳисоблашда ички валюта бозоридаги битимларни кенгроқ қамраб олиш ва бозор ҳолатини янада аниқ акс эттириш имконини беради.
Шунингдек, дам олиш кунлари, шу жумладан шанба ва якшанба кунлари учун охирги иш куни бўйича расмий эълон қилинган курслардан фойдаланиш амалиётига ўтилади.
Маълумот учун, амалда жума кунги савдолар якунида эълон қилинадиган расмий курслар душанба кунидан бошлаб амал қилади, жума-шанба-якшанба кунлари эса пайшанба куни эълон қилинган курс амалда бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банкнинг расмий валюта курси – бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботлар, божхона тўловлари ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда қўлланилади. Хорижий валютанинг сотиш ва сотиб олиш курсларини тижорат банклари бозор механизмлари асосида мустақил белгилайди.















