Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари август ойида қарийб 7,8 млрд долларга кўпайиб, 1 сентябр ҳолатига 72,1 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк тақдим этган ҳисоботда келтириб ўтилган.
Ўтган ой давомида захираларнинг валюта қисми 1 млрд долларга қисқарган бўлса, олтин қисмининг қиймати 8,8 млрд долларга кўпайиб, 64,9 млрд долларга етди. Ўз навбатида захиралар таркибида олтиннинг физик ҳажми 13,8 млн троя унциядан 14,1 млн троя унцияга кўпайган.
Регулятор инвестиция киритган қимматли қоғозлар портфели деярли ўзгармаган — 1,7 млрд доллар.
«Ўзбекистон Республикасининг ялпи халқаро захиралари ҳажми 2026 йил август ойида 7,8 млрд долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 4052,2 доллардан 4602 долларгача ўсишининг таъсири 7,8 млрд долларни ташкил этди», дейилади МБ изоҳида.
Августда олтин нега қимматлашди?
Август бошида олтиннинг бир троя унцияси 4000 доллар атрофида сотилган бўлса, ойнинг биринчи ярмида котировкалар жадал ўса бошлади. Қимматбаҳо металл нархи энг юқори чўққига чиқиб, бир унция учун қарийб 4700 долларгача қимматлашди. Ой охирига келиб бозорда коррекция юз берди ва нарх бир унция учун 4438 доллар атрофида шаклланди. Ўтган ой давомида нархларнинг ошишига қуйидаги омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин.
Июл ойи охирида АҚШ ва Япония ҳукумати иенани қўллаб-қувватлаш ва унинг қадрсизланишини тўхтатиш мақсадида биргаликда валюта интервенциясини амалга оширди. Август ойига келиб бу ҳаракатлар ўз натижасини берди: иена кескин мустаҳкамланди, АҚШ доллари эса заифлашди. Доллар индексининг пасайиши долларда баҳоланувчи олтинга бўлган глобал талабни рағбатлантирди.
Бозордаги энг катта бурилишлардан бири 19 август куни юз берди. АҚШ Молия вазири Скотт Бессент узоқ муддатли давлат облигацияларини қайта сотиб олиш ҳажмини икки баробар оширишни эълон қилди. Ҳукуматнинг бозорга қўшимча маблағ киритиб, даромадлиликни сунъий ушлаб туришга уриниши инвесторлар томонидан «долларнинг қадрсизланишига йўл очиш» сифатида баҳоланди. Айнан ушбу эълондан сўнг, олтин нархи кескин юқорига сакради.
















