Ўзбекистон | 12:08 / 21.10.2019
4324
3 дақиқада ўқилади

2019 йилнинг тўққиз ойида 50,9 трлн сўмлик қурилиш ишлари бажарилди

2019 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда жами 50,9 трлн сўм қурилиш ишлари бажарилган. Ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19,3 %ни ташкил этди.

Давстатқўм маълумотига кўра, жорий даврда жами қурилиш ишлари ҳажми таркибида йирик қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 12,4 трлн сўмни ташкил этди. 

Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 4,5 %га кўп ишлар бажарилган бўлиб, жами қурилиш ишлари ҳажмидаги улуши ўтган йилдаги кўрсаткич даражасидан 3,3 % пунктга камайган. 

Кичик корхона ва микрофирмалар томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳажми жорий даврда қурилиш ишларини бажарган бошқа ташкилотларга нисбатан кескин ошганлиги кузатилди. Улар ҳиссасига жами қурилиш ишлари ҳажмининг 54,3 %и тўғри келиб, ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичга нисбатан 5,2 % пунктга кўпайди. Шунингдек, улар ҳиссасига тўғри келган қурилиш ишлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,7 %ни ташкил этган ҳолда 27,6 трлн сўм миқдорида қайд этилди. 

Норасмий сектор ҳиссасига тўғри келган қурилиш ишлари улуши ўтган йилдаги кўрсаткичга нисбатан 1,9 % пунктга камайиб, 21,3 %ни ташкил этди ва 10,8 трлн сўм миқдорида қайд этилди. Ўтган йилнинг мос давридаги ҳажм билан солиштирганда 10,9 %ни ташкил этгани кузатилди. 

Давлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан жами 3,1 трлн сўм ёки 2018 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 54,7% қурилиш ишлари бажарилди, нодавлат мулкчилигидаги ташкилотлар томонидан эса 47,7 трлн сўм ишлар бажарилиб, ўсиш суръати 17,6 %ни ташкил этди. Уларнинг республикадаги улушлари мос равишда 6,2 % ва 3,8 %ни ташкил этди. 

Бажарилган қурилиш ишларининг катта қисми янги бино ва иншоотларни қуриш бўйича бажарилган. Жами қурилиш ишларининг 76,2 %и ёки 38,7 трлн сўм қурилиш ишлари айнан иқтисодиётда янги ишлаб чиқариш қувватлари, турар-жой ва бошқа ижтимоий объектларини яратишга қаратилган. 

Йирик қурилиш ташкилотлари бўйича янги қурилиш ҳисобидан 10,9 трлн сўм ишлар бажарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 88,3 % ташкил этди. 

Кичик корхона ва микрофирмалар томонидан 18,2 трлн сўм, ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 66,1 % янги қурилиш ишлари бўйича ишлар бажарилди. 

Норасмий сектор ҳиссасига 9,5 трлн сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 88,0 % янги қурилиш бўйича ишлар бажарилди. 

Мавзуга оид