Ўзбекистон | 13:30 / 22.10.2019
119913
4 дақиқада ўқилади

Мобил қурилмалар рўйхатга олинади. 1 ноябрдан яна қандай ўзгаришлар кучга кирмоқда?

Мобил қурилмаларни рўйхатга олиш, тутинган ота-оналар учун махсус курслар, туристик салоҳиятли маҳаллар рўйхати — 1 ноябрдан кучга кириши кутилаётган муҳим ўзгаришлар.

Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот канали 2019 йил 1 ноябрдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар юз бериши ҳақида батафсил маълумот тақдим этди.

Мобил қурилмалар рўйхатга олинади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 сентябрдаги мамлакат ҳудудига ноқонуний тарзда кириб келаётган мобил алоқа воситалари савдосига чек қўйиш, фойдаланувчиларнинг шахсий телефонини йўқотиш ёки ўғирлатиш ҳолатларини камайтиришни назарда тутган қарорига мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмалар рўйхатга олинади.

Мобил қурилмалар IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёни уч босқичда ўтказилмоқда:

Илк босқич — шу йилнинг 1 апрелидан бошланган ва бу 1 ноябрга қадар давом этади. Унда барча мобил алоқа терминаллари автоматик тарзда бепул, фойдаланувчиларнинг иштирокисиз, фақатгина алоқа операторлари томонидан UZIMEI базасига ўтказилмоқда.

Иккинчи босқич — бир ой давом этади, яъни 1 ноябрдан 1 декабргача. Бу муддат ичида жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам мобил қурилмаларни бепул рўйхатдан ўтказишади. Бу жараён почта алоқа бўлимлари, SMS ва USSD сўровлар, UZIMEI тизими оператори ва Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Учинчи босқич — 1 декабрдан бошланади ва пулли асосда рўйхатга олинади.

Пул қиймати қарорда белгиланганидек, импорт қилувчилар учун БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 20 фоизи, ишлаб чиқарувчиларга 10 фоизи, жисмоний шахслар учун эса 30 кун давомида мурожаат қилса 20 фоизи, бир ойдан ошиб кетса 25 фоизи миқдоридадир. Туристлар, вақтинчалик Ўзбекистонга ташриф буюрганлар учун эса 30 кун мобайнида бепул, ундан ошса 20 фоизли тўлов талаб этилади.

Ҳисоблагичлар фақат ДХМ ёки ЯИДХП орқали қиёсловдан ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 698-сон 20.08.2019 қарорига мувофиқ 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб ҳисобга олиш ускуналарини қиёсловдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги:

- юридик шахслар учун – 4 йил;

- жисмоний шахслар учун – 8 йил.

Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 30.09.2019 йилдаги 824-сонли қарорига кўра,  етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбияга (патронат) олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил этаётган фуқароларни тайёрлаш мақсадида «Меҳрибонлик» уйлари ва болалар шаҳарчаларида Тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Тайёрлов курсларига жалб этилган ўқув машғулотларини олиб борувчи мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш амалдаги ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда иш ҳақи миқдори умумтаълим мактабларининг олий малака тоифали бошланғич ва юқори синфлари ўқитувчиларининг базавий лавозим маоши миқдорига тенглаштирилади.

Сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ошади

Президентнинг 09.10.2019 йилдаги ПҚ-4486-сонли қарорига мувофиқ сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақи оширилади.

Юқори туристик салоҳиятли фуқаролар йиғинларининг рўйхати тузилади.

Президентнинг 13.08.2019 йилдаги ПФ-5781-сон фармонига мувофиқ туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари рўйхатини шакллантиради. Шунингдек, ушбу фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат турлари кўрсатилган тақдирда уларга «Туризм маҳалласи», «Туризм қишлоғи» ёки «Туризм овули» мақомини беради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид