Ягона порталда янги хизматлар пайдо бўлади
2026 йил 1 октябрдан my.gov.uz порталида янги хизматлар йўлга қўйилади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, ягона интерактив давлат хизматлари порталида жорий этиладиган хизматлар доирасида жисмоний ва юридик шахслар ўзларига тегишли кўчмас мулк ҳамда автомототранспорт воситаларини гаровга ёки ипотекага қўйиш, шунингдек, бегоналаштиришга тақиқ ўрнатиш учун ариза бериши мумкин. Ўрнатилган тақиқни бекор қилиш учун ҳам портал орқали мурожаат юборилади.
Шунингдек, фуқаролар ўз номига расмийлаштирилган телефон рақамлари ва банк карталари ҳақидаги маълумотларни кўриш имкониятига эга бўлади.
Телефон рақамлари бўйича қуйидаги хизматлар йўлга қўйилади:
рақамни муайян муддатга нофаол ҳолатга ўтказиш ва қайта фаоллаштириш;
фойдаланилмаётган рақамга хизмат кўрсатишни тўхтатиш учун ариза юбориш;
рақамга уланган пулли хизматлар ҳақида маълумот олиш.
Бундан ташқари, банк картасини блоклаш ёки ёпиш бўйича уни чиқарган банкка — эмитентга портал орқали ариза юбориш мумкин бўлади.
Фуқаро номига янги нотариал ҳаракат расмийлаштирилганда, унга Ягона портал орқали автоматик хабарнома юборилади. Порталда бундай ҳаракатлар ҳисоби ҳам юритилади.
Қурилишда янги тартиб жорий этилади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 октябрдан қурилиш ишларини бошлаш учун янги тартиб жорий этилади. Энди истиқболли қурилиш ҳудудига ягона идентификатор берилмасдан туриб, қурилишга рухсатнома расмийлаштирилмайди.
Президент қарорига мувофиқ, қурилиш жараёнларини рақамлаштириш ва улар устидан назоратни кучайтириш мақсадида “Uy-joy” ягона рақамли урбанизация платформасида бир қатор янги рақамли инструментлар жорий этилади.
Жумладан, қурилишнинг барча босқичларини кузатиш учун Истиқболли қурилиш ҳудудининг ягона идентификатори, лойиҳанинг рақамли паспорти ҳамда капитал қурилиш объектининг рақамли паспорти шакллантирилади. Ушбу тизим “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими билан интеграция қилинади.

















