Бизнеснинг электр ва газга олдиндан тўлови 15 фоизга туширилади
Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган тадбиркорлик субъектлари учун аванс тўлови миқдори 100 фоиздан 15 фоизга туширилади. Бу давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросига оид президент фармонида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб, электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларига уланган, масофадан ўчириш (ёқиш) имкониятига эга ҳисоблагичи бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан:
• электр энергияси ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун олдиндан тўланадиган ҳақ миқдори 15 фоиз этиб белгиланади (охирги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаганлар бундан мустасно);
• электр энергияси ва газ сарфи тўғрисидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинади.
1 ноябрдан эътиборан, шунингдек, истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаларини электрон тузиш орқали уларни қоғозда расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.
SMS-рекламалар тартибга солинади
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб шахснинг ёзма ёки электрон рухсатини олмай туриб унинг телефон рақамига SMS шаклида товар ва хизматлар таклифини (рекламасини) юбориш тақиқланади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарорида белгилаб қўйилган.
Қарорда Ўзбекистонда реклама соҳасидаги айрим муносабатлар истеъмолчилар манфаатида тартибга солиниши назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, фуқароларнинг реклама қўнғироқлари ва хабарномаларига оид ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб:
• мобил алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар (иш, хизмат)ларни таклиф (реклама) қилувчи ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг ушбу ҳаракатларни (рекламани) амалга оширади;
• мобил алоқа воситаларига реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарномаларни жўнатиш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар ўзларининг ахборот тизимларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказгандан кейин тегишли хизматларни кўрсатишига йўл қўйилади;

















