Меҳнат низолари бўйича алоҳида судялар иш бошлайди
2026 йил 1 августдан бошлаб меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судялар фаолияти йўлга қўйилади. Бу Олий суд раёсатининг “Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судялар корпусини шакллантириш ҳақида”ги қарорида келтирилган.
Ҳужжатга мувофиқ, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг мавжуд штат бирликлари доирасида 2026 йил 1 августдан меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судялар фаолият юритади.
Янги тартибга кўра, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида меҳнат низолари бўйича 4 нафар судя фаолият кўрсатади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида 3 нафардан ихтисослашган судя ишлайди.
Туманлараро ва шаҳар судларида ҳам меҳнат низоларини кўриш учун алоҳида судялар ажратилади. Жумладан, Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Кармана, Наманган, Термиз, Фарғона ва Урганч туманлараро судларида 2 нафардан, Самарқанд шаҳар судида 2 нафар, Каттақўрғон, Ўрта Чирчиқ ва Янгийўл туманлараро судларида 1 нафардан, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Миробод, Шайхонтоҳур, Учтепа ва Яккасарой туманлараро судларида 2 нафардан судя меҳнат низоларига ихтисослаштирилади.
Қарорга асосан, 2026 йил 1 августдан кейин судларга келиб тушган меҳнат низоларига оид барча аризалар айнан ихтисослашган судялар ўртасида тақсимланади.
2026 йил 31 июлгача судларга келиб тушган, шу жумладан, иш юритувига қабул қилинган ишлар аввалги тартиб асосида кўриб чиқилиб, якунланади.
Камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Рўйхатга 66 турдаги ҳайвон киритилган. Улар орасида сут эмизувчилардан қоплон, сиртлон, қор қоплони, Туркистон силовсини, Бухоро буғуси, бўрсиқ, жайра ва бошқа ҳайвонлар бор.
Қайд этилишича, ушбу чеклов фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун ов қилишга нисбатан татбиқ этилмайди.















