22 октябрь куни парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Жумладан, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар ўртасида турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Депутат Расул Кушербаев фикрича, қонун лойиҳасида аҳолини иш билан таъминлашдаги ҳозирги реал муаммолар тўла акс этмаган. Шу боис у Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга айрим фикрлар билан мурожаат қилди.

Депутат Расул Кушербаев

«Жаноб вазир, 12 сентябрь куни номзодингизни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимига маъқуллашдан аввал сизга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси (Паспорт тизими қоидаларини бузиш-таҳ.) бўйича жойларда жуда кўп муаммолар йиғилиб қолгани, бу йўналишда аҳолининг давлатга ва қонунларга бўлган салбий фикри  сақланиб қолаётгани ҳамда эндиликда мавжуд ҳолатни яхшилаш учун нима иш қилмоқчисиз, дея савол бергандим.

Сиз эса вазирликда қиладиган биринчи ишингиз шу йўналишда бўлишини айтгандингиз. 
Мана, аҳолини иш билан таъминлаш йўналишида янги қонун қабул қилинмоқда, лекин унда ҳолатни тузатиш мақсадида ёзилган бирор жумлани тополмадим.

Қайтараман, ҳар куни айнан шу модда асос қилиниб, республиканинг турли ҳудудларидан Тошкентга иш излаб келган юзлаб кишилар автобусларни тўлдириб ИИБ бўлимларига олиб келинади ва жаримага тортилади.

Улар ишлаган пулини фақат жарималарни тўлашга сарфлашмоқда.

Биз улар учун амал қилиш деярли имконсиз бўлган қонунларни яратиб қўйганмиз. Тасаввур қилинг, Тошкентга иш излаб келган фуқаро турар-жой топиши, маълум тўловлар эвазига рўйхатдан ўтиши керак. Рўйхатдан ўтишнинг ўзи учун эса қанчадан-қанча ҳужжат тўлдиради.

Биз бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга ишлаш мақсадида кўчиб ўтаётган фуқаролар учун янги, енгилроқ тизим қилишимиз керак, бизга янги ечим керак», – деди Расул Кушербаев.