Binance компанияси раҳбари Ричард Тэнг криптобиржага уюштирилган ҳакерлик ҳужумидан сўнг компания раҳбарияти турли мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.

«Ишончингиз комил бўлсин: биз бу муаммони ҳал қилиш, фойдаланувчиларнинг йўқотишларини қоплаш ва ишончингизни оқлаш учун кечаю кундуз ишлаяпмиз. Таъкидлаб ўтмоқчиманки, ҳакерлик ҳужуми оқибатида юзага келган барча зарарларни компания маблағлари ҳисобидан қоплаш мажбуриятини оламиз. Активларингиз хавфсизликда», — деди Тэнг.

Reuters агентлигининг хабар беришича, Binance'га уюштирилган хакерлик ҳужуми бўйича тергов ишларида ФҚБ ҳам иштирок этмоқда. Бюро воқеадан хабардор эканини ва «ҳодиса кўламини аниқлаш мақсадида тегишли давлат ҳамда хусусий ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилаётганини» маълум қилди. Бундан ташқари, терговга АҚШ Махфий хизмати ҳам қўшилган.

Binance'га ҳакерлик ҳужуми уюштирилгани 30 октябр куни маълум бўлди. Платформанинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатидаги умумий зарар тахминан 6,3 миллиард долларни ташкил этади.

Дастлабки маълумотларга кўра, платформага ҳужум DevOps муҳандисларидан бирининг ноутбукидаги махфий маълумотлар сизиб чиқиши оқибатида содир бўлган. Бу эса ҳакерларга хизмат кўрсатиш тизимларига кириш ва маблағларни чиқариб олиш имконини берган.