Спорт | 11:48 / 31.10.2019
8383
3 дақиқада ўқилади

Coca-Cola ҳомийлигида ўтган Ўзбекистон Кубоги «Пахтакор»га насиб этди

«Пахтакор» ҳамда АГМК клублари ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги учун кечган муросасиз баҳс «шерлар»нинг ғалабаси билан якунланди – 3:0. Бу тошкентликлар клуби учун ҳисоб бўйича тарихдаги 12-кубок бўлди.

Ўйиннинг илк дақиқаларидан «Пахтакор» ташаббусга эришди ва кетма-кет голли вазиятлар яратди. Финал учрашуви ўтказилган «Локомотив» стадионидаги ажойиб муҳит ва қизиқарли кураш 31-дақиқага қадар, «шерлар» учрашувдаги илк голини уришигача давом этди. Ўйиннинг илк ярим соати ўтганида Драган Черан учрашувда ҳисобни очди. Ўйиннинг иккинчи бўлимида Жалолиддин Машариповга нисбатан ишлатилган қўполлик учун АГМК дарвозаси томон пенальти белгиланади ва Черан бундан унумли фойдаланиб ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.

Учрашувнинг 77-дақиқасида Черан рақиб дарвозасига учинчи голни ҳам урди ва ҳет-трикни нишонлади.

«Шерлар» ушбу ғалаба билан бир қатор рекордларни янгилашга муваффақ бўлди.

Жамоа учинчи марта ўз тарихида финал баҳсларида йирик ғалабага эришди. Биринчи марта «Пахтакор» 1999 йилги финалда «Навбаҳор»ни 3:0 ҳисобида енгган бўлса, яна бир финалда, 2002 йилда «Нефтчи»ни қўшимча вақтларда урилган голлар эвазига 6:3 ҳисобида мағлуб этилган эди.

Жамоа 2007 йилдан буён илк марта олтин дублга эришди – Ўзбекистон чемпионати ҳамда Кубокда ғалаба қозонди. «Пахтакор» умумий ҳисобда 6та олтин дублга эришган.

Ушбу ғалаба жамоанинг финал баҳсларида учинчи хорижлик мураббий билан эришган ғалабаси. Бу мавсумда жамоани Шота Арвеладзе ғолиблик сари етаклаб келган бўлса, яқин ўтмишда россиялик мутахассис Сергей Бутенко ҳамда туркманистонлик Тачмурод Агамуродов ҳам жамоа билан финалда зафар қучганди.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги Суперлига ҳамда Ўзбекистон Кубоги баҳслари Coca Cola компанияси ҳомийлигида ўтказилмоқда.

«Биз бу каби халқаро бренд билан чемпионат ва Профессионал Футбол Лигаси мусобақаларида ҳамкорлик қилишдан хурсандмиз. Бугун стадионларимизда минглаб футбол мухлислари ўз жамоаларини қўллаб-қувватламоқда, клублар натижа учун муросасиз курашга киришмоқда. Умуман, бу ҳолатлар мамлакатда футбол тез ва жадаллик билан ривожланиш босқичини ўтказаётганини кўрсатмоқда. Биз эса кейинги мавсум ҳам икки томонлама фойдали ҳамкорликни давом эттиришни истаймиз. Кучли мураббийлар таркиби ҳамда йигитларнинг шижоати, бизга биргаликда бундан ҳам катта марраларни эгаллашимизга замин яратишига ишонаман», - дейди ПФЛ Бош директори Даврон Шоқурбонов.

Мавзуга оид