Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига апелляциялар ва Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаларни бериш ва уларни кўриб чиқиш қоидалари тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси билан боғлиқ апелляцияларни кўриб чиқиш учун ташкил этилган (1.07.2019 йилдаги ПҚ-4380-сон қарор). Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши тўғрисида низом Вазирлар Маҳкамасининг 9.10.2019 йилдаги 856-сон қарори билан тасдиқланган.
Norma’нинг ёзишича, манфаатдор шахслар апелляция ва аризалар бериш билан боғлиқ ҳаракатларни шахсан ўзлари ёки вакиллари, шу жумладан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказилган патент вакиллари орқали амалга оширишлари мумкин. Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат қиладиган жисмоний шахслар ва чет эл юридик шахслари ёки уларнинг вакиллари халқаро шартномалар доирасида ҳаракат қилишлари мумкин. Вакилнинг (патент вакилининг) ваколатлари ваколатларнинг ҳажми кўрсатилган ишончнома билан тасдиқланади.
Апелляция ёки ариза ихтиёрий шаклда тузилади. Бунда Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган масалага боғлиқ ҳолда уларда бўлиши лозим бўлган маълумотларнинг тўлиқ ҳажми келтирилган. Апелляция интеллектуал мулк объектига битта буюртмага, ариза эса – битта товар белгисига оид бўлиши лозим. Апелляция материаллари 2 нусхада топширилади.
Апелляциялар “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”, “Селекция ютуқлари тўғрисида”, “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларида белгиланган муддатларда берилади.
Апелляция ёки аризага патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Акс ҳолда, апелляция ёки аризани кўриб чиқиш бўйича юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилмайди.
Апелляция ёки ариза ўзбек ёки рус тилида топширилади. Барча қўшимча материаллар, шу жумладан техник ҳужжатлар ўзбек ёки рус тилида 2 нусхада топширилади. Агар қўшимча материаллар бошқа тилда топширилган бўлса, ариза берган шахс 3 ой муддат ичида ушбу материалларнинг ўзбек ёки рус тилига таржимасини тақдим этиши лозим. Акс ҳолда бундай материаллар апелляция ёки аризани кўриб чиқишда эътиборга олинмайди.
Адлия вазирлигининг Апелляция кенгаши қандай фаолият юритади?















