Нега бир неча ой аввал президентлик ҳақида ўйламаслигини айтган бу одам энди президентлик пойгасига қўшилмоқда? Би-би-си нашри унинг имкониятларини баҳолади.

Блумберг иқлим ўзгариши ва қурол савдосига қарши / GETTY IMAGES

Майкл Блумберг ким?

Блумбергнинг бойлиги 52 млрд долларга баҳоланади. Бу Дональд Трампникидан (3,1 млрд доллар) қарийб 17 баробар кўпроқ. У Forbes журналидаги дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатида кучли ўнликда қайд этилган.

Блумберг Уолл-стритда банкир бўлган, кейин молия соҳаси янгиликлари агентлиги - ўз номи билан аталадиган Bloomberg агентлигига асос солган. У таълим ва тиббиёт соҳасига миллионлаб доллар маблағ хайрия қилади.

Блумберг аввалига демократларни қўллаб-қувватлаган, аммо 2001 йил Нью-Йорк мэрлиги учун сайловларда демократ номзодлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун республикачилар партиясидан номзод бўлган ва тарихан демократларни қўллаб-қувватлаб келган Нью-Йоркда 50 фоиз овоз олиб сайланганди. У бу сайлов кампаниясига ўша вақтда 73 миллион доллар сарфлаган, шу билан биргаликда собиқ мэр Рудольф Жулиани уни қўллаб-қувватлагани ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.

У 2012 йилгача уч марта мэрликка қайта сайланган ва фақат ўтган йили Демократлар партиясига қайтган.

У мўътадил демократ ҳисобланиб, иқлим назорати бўйича халқаро келишувларда АҚШ номидан иштирок этади. У шунингдек, 2014 йилда асос солинишига ўзи ҳисса қўшган ўқотар қуроллар сотувини назорат қилиш ҳаракатини қўллаб-қувватлайди.

Блумбергдан катта миқдорда молиявий ёрдам оладиган бу ҳаракат шу ҳафтада Виржиния штатидаги қонунчилик йиғилишида демократлар ғалаба қозонишида асосий ролни ўйнади.

Ҳаракат бу штатда демократларнинг штаби жамғармаси учун 2,5 млн доллар ажратганди. Бу эса республикачиларни қўллаб-қувватлайдиган, штаб-квартираси Виржинияда жойлашган Миллий ўқчилар ассоциацияси ажратган маблағдан сезиларли даражада кўпдир.

У ғолиб чиқаман деб ўйламоқда

Майкл Блумберг ва Дональд Трамп аввал дўст эди, энди улар сиёсий рақиблар