Ўзбекистон | 12:58 / 23.11.2019
5471
3 дақиқада ўқилади

 Аёл-қизлар учун илк ITWomenUz танлови ўтказилмоқда

Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган ITWomenUz лойиҳаси доирасидаги танловга старт берилди.

Жорий йилнинг 22 ноябрь куни ITWomenUz лойиҳасининг якунловчи танлов босқичи бошланди. Бунда 30дан зиёд гуруҳларга бирлашган хотин-қизлар IT маҳсулот яратиш бўйича беллашади.

ITWomenUz лойиҳаси аёл-қизларни ахборот технологиялари соҳасидаги фаоллигини оширишга қаратилган бўлиб, “Беш муҳим ташаббус” дастурининг учинчиси ─ хотин-қизларни иш билан таъминлаш ташаббуси ижроси доирасида ташкил этилган. 19 август куни старт олган лойиҳа уч босқичда амал қилди.

Лойиҳада иштирок учун ариза топширган 160дан зиёд хотин-қизлар бир ҳафта давомида ўқув-амалий машғулотларда мобиль иловалар яратиш, веб-сайт тайёрлаш, компьютер графикаси, дизайн, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш бўйича ўқитилди. Сўнгра ўз билимларини амалда қўллашлари учун уч ҳафта давомида амалиётга жалб қилинди.

Лойиҳанинг иккинчи босқичида иштирокчилар гуруҳларга бириктирилиб, менторлар бошчилигида IT маҳсулот ишлаб чиқиш, IT лойиҳа яратиш билан шуғулланишди. Энг муваффақиятли ишлар лойиҳанинг учинчи босқичи ─ танлов учун саралаб олинди.

Лойиҳанинг якунловчи босқичига ўтган иштирокчилар “Энг яхши мобиль илова”, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурий маҳсулот”, “Энг яхши электрон плакат” номинациялари бўйича танловда иштирок этади.

Танловни очиб берган бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова аёл-қизларни IT соҳасига жалб қилиш уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда муҳимлигини таъкидлади.

“Бу лойиҳани амалга ошириш орқали тезгина натижага эришамиз, ахборот соҳасида ишлайдиган аёлларнинг сони ўсиб кетади, деб ўйлагандик. Аммо кўрдикки, бу жуда мураккаб жараён. Илм икки-уч кунда бўлиб қолмайди, унинг ўз мураккабликлари бор. Аёл-қизларга IT соҳасининг паст-баландини тушунтириш учун анча тер тўкилди. Хотин-қизлар ахборот технологиялари соҳасида кўникмаларга эга бўлиш орқали жамиятда фаолликка эришишлари, оила учун қўшимча даромад келтиришлари, ишлаётган ташкилотларининг ривожланишига ҳисса қўшишлари мумкин”, ─ дейди Эльмира Боситхонова.

Танловда Ўзбекистонга ташриф буюрган туристлар учун қўлланма веб-сайт, барча вазирликлар ҳақидаги маълумотни жамловчи мобил илова, ис газидан заҳарланишга йўл қўймайдиган детектор дастур, уй шароитида фитнес билан шуғулланиш имконини берувчи мобил илова каби IT маҳсулотлари тақдим этилган.

Хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 28 минг 323 нафар дастурчи фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 8 минг 383 нафарини (29,5) фоизи хотин-қизлар ташкил этади.

ITWomenUz лойиҳаси иштирокчилари орасидаги танлов ғолиблари 4 декабрь куни тантанали равишда тақдирланади.

Мавзуга оид