Ўзбекистон | 11:05 / 17.01.2023
7383
3 дақиқада ўқилади

«Юксалиш» ҳаракати аномал совуқ оқибатларини юмшатиш юзасидан таклифлар берди

Шу кунларда республика бўйлаб электр энергияси, газ ва иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммолар аҳолининг эътирозларига сабаб бўлди. Мамлакат энергетика тизими бундай синовларга тайёр эмаслигини кўрсатди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқароларнинг бу борадаги фикрларига таяниб, масъул давлат идораларини қуйидагиларга чақиради:

Биринчидан, белгиланган ҳароратдаги иссиқлик, иссиқ сув, электр энергияси ва газ (шу жумладан, ҳисоблагичлари бўлмаган истеъмолчилар) таъминланмаган барча кунлар учун аҳоли билан қайта ҳисоб-китоб қилишга чақирамиз.

Иккинчидан, Энергетика вазирлиги қишга тайёрланганлик ҳолати ҳақида ахборот бериши мақсадга мувофиқ: навбатдаги энергетика инқирози нима учун юз берди, улар бу муаммони қандай ҳал қилмоқда, бундай ҳолат яна такрорланмаслиги учун нималар қилинмоқда? Ҳукуматнинг энергетика соҳасидаги стратегияси эълон қилиниши керак.

Учинчидан, энергосамарадорликни ошириш, муқобил энергия манбаларига ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш учун зарур ташкилий ва инфратузилмавий шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш лозим.

Муқобил энергия манбаларининг кенг ривожланишига нималар тўсқинлик қилаётганлигини очиқ муҳокама қилиш учун экспертларни, давлат расмийларини таклиф қилиб, жамоатчилик фикрини ўрганиш зарур. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати бу масалада мулоқот майдони бўлишга тайёр.

Тўртинчидан, қишнинг совуқ кунлари яна 2-3 ҳафта сақланиб қолишини инобатга олиб, қуйидаги тезкор чораларни кўриш таклиф этилади:

1. Барча вилоятлардаги COVID-марказлари, Тошкентдаги ётоқхоналар ишида тажриба бор. Заруратга кўра жойларда одамларга исиниш, телефон ва бошқа қурилмаларни зарядлаш, чўмилиш, овқат пишириш мақсадида келишлари учун иссиқ сув ва электр энергияси узлуксиз таъминланган иситиладиган хоналарни тайёрлаш;

2. Расмий маълумотларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш. Кунига камида бир-икки марта энергия тизими раҳбарлари жонли эфирга чиқишлари керак (телевидение, радио, интернет орқали), яъни вазиятни яхшилаш учун аниқ нима қилингани, қандай бахтсиз ҳодисалар бартараф этилгани, қаерда муаммолар сақланиб қолаётгани ва уларни бартараф этиш муддатлари ва кўрилаётган чоралар ҳақида брифинглар ўтказиши керак.

3. Фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун кўп функцияли колл-марказни ишга тушириш. Айни кунларда тегишли масъул тузилмаларнинг «Ишонч телефони»да жиддий камчиликлар мавжуд бўлиб, линиялар ҳаддан ташқари юкланганлиги ёки оддийгина жавоб берилмаётганлиги маълум.

Мавзуга оид